Қарши шаҳри ҳокими жавобгарликка тортилди

3-саҳифа

image

Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев маъмурий жавобгарликка тортилди. QALAMPIR.UZ тегишли суд ҳужжатлари билан танишди.

Маълум бўлишича, ҳоким “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг талабларини бузган ва унинг топшириғи билан тадбиркор Ҳ.Ҳ.га тегишли савдо дўкони 2024 йилнинг 2 октябридан 7 октябрига қадар фаолият кўрсатмаган.

Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес омбудсман) девонининг Қашқадарё вилояти шуъбаси бош инспектори Шерзод Шодиевнинг 2024 йил 18 октябрдаги тегишли қарори билан ҳоким Нормўмин Холбоевга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2413-моддаси (Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ва (ёки) уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари, яъни 15 млн сўм жарима жазоси тайинланган.

2024 йил 4 ноябрда ҳоким Нормўмин Холбоевнинг аризасига кўра мазкур иш Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида кўриб чиқилган ва ҳокимнинг шикояти қисман қаноатлантирилган. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг қарори билан бизнес омбудсманнинг юқоридаги қарори ўзгартирилиб, жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддаси (Енгилроқ маъмурий жазо чорасининг қўлланилиши) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари – 1 миллион 875 минг сўмга ўзгартирилган.

Холбоев ўзига оид суд қарори устидан кассация тартибида ҳам шикоят қилган ва у 2024 йилнинг 27 декабрь куни Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати биносида кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Кассация инстанцияси суди Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2024 йил 4 ноябрдаги ҳокимга нисбатан чиқарилган қарори ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирди.

"Суд қарорлари устидан тарафлар Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибида шикоят бериши, прокурор протест билдириши мумкин", дейилади суд қарорида.

Маълумот учун, Нормўмин Холбоев 2019 йилдан бери Қарши шаҳри ҳокими сифатида ишлаб келмоқда. 2023 йилда у ўзини рағбатлантириш учун 75 миллион сўм маблағ ажратиш ҳақида қарор чиқаргани кўплаб танқидларга сабаб бўлган. Мазкур қарор ижро этилмай туриб, тегишли тартибда бекор қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё Қарши Нормўмин Холбоев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг