“Ҳизбуллоҳ” Исроилга 120 дан ортиқ ракета учирди (видео)
Олам
−
22 Сентябрь
11476Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Ҳайфадан жануби-шарқда жойлашган Рамат-Дэвид авиабазасига 120 дан ортиқ Fadi 1 вa Fadi 2 ракеталарини учирди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
“Ҳизбуллоҳ” ушбу ҳужумни Исроилнинг ҳаво ҳужуми оқибатида камида 37 киши, жумладан гуруҳнинг юқори мартабали раҳбарларидан бири ҳалок бўлгани туфайли содир бўлгани билан изоҳлади. Ракеталар ҳарбий базага йўналтирилган. Аммо уларнинг бирортаси нишонга теккани ҳақида аниқ маълумот келтирилмаган.
Исроил шошилинч тиббий ёрдам хизматининг хабар беришича, Гайлнинг қуйи қисмидаги қишлоқлардан бирида ракета уриб туширилиши туфайли бир киши енгил жароҳатланган.
Маҳаллий ОАВ Ливандан отилган ракеталар Ҳайфа ва Носирада тутиб олинганини ёзди. Исроил ҳарбийлари Ливандан ўнга яқин ракета учирилишини кузатганини, уларнинг аксарияти тутиб олинганини маълум қилди.
Маълумот учун, 17 сентябрь куни Ливанда “Ҳизбуллоҳ”га алоқадор шахслар фойдаланаётган пейжерлар оммавий равишда портлаб кетди. Воқеа оқибатида ўша куни бутун мамлакат бўйлаб 2800 киши жароҳатланган, камида 8 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида икки жангчи, жумладан, гуруҳ етакчиларидан бирининг ўғли, шунингдек, 10 ёшли қиз ҳам бор эди. Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайванда ишлаб чиқарилган 5000 пейжерга оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатгани маълум бўлди.
Бироқ Gold Apollo компанияси “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди. 19 сентябрь куни Ливан бўйлаб симсиз алоқа қурилмалари портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 32 кишига етди, 3500 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ливанда амалга оширилган кенг кўламли радио портлашларидан сўнг ҳаракат ўзининг 20 нафар аъзоси ҳалок бўлганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил мудофаа кучлари “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг таянчи ҳисобланган Байрутнинг Даҳия маҳалласига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида гуруҳнинг асосий етакчиларидан бири Иброҳим Оқил ва яна 10 га яқин юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлди.