“Ҳизбуллоҳ” портлаб кетган пейжерларни қаердан олгани маълум бўлди
Олам
−
18 Сентябрь
17892Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати кеча, 17 сентябрь куни пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайванда ишлаб чиқарилган 5000 пейжерга оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатган. Бу ҳақда бугун, 18 сентябрь куни Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” хабар берди.
“Ҳизбуллоҳ” Тайваннинг Gold Apollo компаниясига пейжерларга буюртма берган. Бир қанча манбаларга кўра, ускуна Ливанга баҳорда олиб келинган.
Нашр суҳбатдошининг иддао қилишича, қурилмалар Исроил разведка хизмати томонидан “ишлаб чиқариш босқичида” ўзгартирилган.
“Sky News Arabia” манбаларига кўра, пейжерларда детонатор қопқоқларини жиҳозлаш учун ишлатиладиган нитрат кислота эфирини ўз ичига олган портловчи модда – пентаеритритол тетранитрат бўлган. Портлаш “Моссад” аккумуляторларнинг ҳароратини оширганда содир бўлган.
“Axios” маълумотларига кўра, Исроил АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятини операция ҳақида олдиндан хабардор қилмаган.
“Бу ҳафта бошида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, унинг Вазирлар Маҳкамасининг юқори мартабали аъзолари ва хавфсизлик бошлиқлари иштирокидаги хавфсизлик учрашувларида маъқулланган”, дейди воқеадан хабардор манба.
Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант кеча, 16 сентябрь куни АҚШ Президенти ёрдамчиси ўринбосари ва Давлат департаментининг энергия хавфсизлиги бўйича катта маслаҳатчиси Амос Хокстин билан учрашувда Ливан билан чегарада деярли ҳар куни рўй бераётган тўқнашувлар туфайли “Ҳизбуллоҳ” билан дипломатик келишувга эришиш имкониятлари камайиб бораётганини айтган.
“Ҳизбуллоҳ” ўзини ҲАМАС билан боғлашда давом этар экан ва можарога барҳам беришдан бош тортар экан, келишув эҳтимоли камайиб бормоқда. Исроилнинг шимолий чегарасида ўн минглаб исроилликлар ўз уйларига қайта олмаяпти. Уларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг ягона йўли – бу йирик ҳарбий операция”, деган вазир.
Портлаш оқибатида тўққиз киши, жумладан, саккиз ёшли қиз ҳалок бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, 2750 га яқин киши жароҳат олган.
LiveБарчаси