“Ҳизбуллоҳ” аллақачон мағлуб бўлди – Исроил Кац
Олам
−
11 Ноябрь
3591Исроилнинг янги Мудофаа вазири Исроил Кац мамлакат қўшинлари Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини жанг майдонида мағлуб этганини айтди. Бу ҳақда у кеча, 10 ноябрь куни мамлакатнинг янги Ташқи ишлар вазири Гидеон Саарнинг инаугурация маросимида сўз очди.
“Амалга оширган зарбаларимиз “Ҳизбуллоҳ”ни мағлуб этди ва Ҳасан Насруллоҳни йўқ қилди. Бизнинг вазифамиз бу ғалабанинг мевасини олиш учун босимни давом эттиришдир”, деган Кац.
Кацнинг сўзларига кўра, Исроил Ливаннинг ички сиёсатига аралашишдан манфаатдор эмас, чунки у “сабоқ олиб бўлган”. Вазир ўз баёнотининг маъносини изоҳламаган, бироқ бу 2006 йил воқеаларига ишора бўлиши мумкин. Исроилда бу воқеалар “Иккинчи Ливан уруши” деб аталади.
Мудофаа вазири ўз нутқида, бошқа нарсалар қаторида, халқаро коалиция “Ҳизбуллоҳ”нинг сезиларли даражада заифлашуви билан боғлиқ вазиятдан сиёсий мақсадларда фойдаланишига ва Ливан жанубий қўшниси билан муносабатларни нормаллаштиришда бошқа мамлакатларга қўшилишига умид билдирган.
Бироқ Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг кеча, 10 ноябрь куни берган маълумотларига кўра, биргина ўша куннинг ўзида Исроилнинг мамлакатнинг турли ҳудудларида давом этаётган ҳаво ҳужумлари оқибатида камида 38 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Шунингдек, Байрут шимолидаги Аламат қишлоғидаги турар-жой биносига Исроил Мудофаа кучлари томонидан йўлланган авиация зарбасида камида 23 киши, жумладан вояга етмаган етти киши қурбон бўлган. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, булар мамлакат жанубидаги жанглардан қочиб кетган оилалардир.
Исроил ҳарбийлари ҳам ҳаво ҳужумини тасдиқлаган. Бироқ Исроил Мудофаа вазирлиги ҳужум нишони шаҳардаги “Ҳизбуллоҳ”нинг қурол-яроғ омборлари бўлгани, тинч аҳоли орасида қурбонлар борлигини истисно қилиш учун зарбадан олдин ҳаводан разведка олиб борилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тель-Авивдаги Исроил Мудофаа вазирлиги мажмуасида яҳудий давлати мудофаа идорасининг янги раҳбари Исроил Кацнинг инаугурация маросими бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Маросимда сўзга чиққан Кац унинг мақсади “Эрон тажовузини тўхтатиш,” ҲАМАС раҳбарияти ва “Ҳизбуллоҳ” ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш ҳамда бу урушда Исроил ғалаба қозонишига ишончи комил эканлигини айтганди. Исроил Мудофаа вазирлигининг янги раҳбари “асосий маънавий мақсад” Ғазо секторидаги ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни уйига қайтариш эканлигини қўшимча қилган эди.