“Ҳизбуллоҳ” Ҳасан Насруллоҳнинг жасадини топди – ОАВ
Олам
−
29 Сентябрь
10339Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати вакиллари Исроилнинг Байрутнинг жанубий чеккасида уюштирган ҳаво ҳужумида ҳалок бўлган етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг жасадини топди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Агентлик суҳбатдошларидан икки нафари Насруллоҳнинг танасида очиқ жароҳатлар йўқлигини маълум қилди.
“Афтидан, “Ҳизбуллоҳ” раҳбарининг ўлимига портлаш тўлқини оқибатида юзага келган тўмтоқ жароҳатлар сабаб бўлган”, дея ёзган нашр.
Насруллоҳ ўлиши ортидан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий хавфсизлик чоралари кучайтирилган мамлакат ичидаги хавфсиз жойга кўчирилди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса “Ҳизбуллоҳ” етакчисини ўлдиришда АҚШни айблади. Давлат раҳбари ўз баёнотида Насруллоҳни Исроилга қарши кураши учун олқишлади ва “сионистларнинг террор ҳужуми қаршилик оиласини ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ қилишини” таъкидлади.
Насруллоҳнинг ўлими тасдиқлангач, Исроил Байрутга ҳаво ҳужумларини давом эттирди. “Ҳизбуллоҳ” ҳам Исроил ҳудудини ўққа тутишда давом этди.
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф “қаршилик гуруҳлари” ёрдамида Эрон Исроилга қаршилик кўрсатишда давом этишини айтди. Шу билан бирга, Эрон Исроилнинг Ливандаги ҳарбий амалиётлари фонида БМТ Хавфсизлик кенгашини чақиришни талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг юқори мартабали вакили Набил Каук Исроил ҳаво кучларининг Байрутдаги гуруҳ нишонларига жорий йилнинг 28 сентябрь куни берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Исроил Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Каук “Ҳизбуллоҳ”нинг профилактик хавфсизлик бўлими қўмондони ва марказий кенгашнинг юқори мартабали аъзоси бўлган.