Ҳиндистоннинг ой ровери ҳайратланарли маълумотларни жўнатди
Технология
−
28 Август 2023
16019Ҳиндистоннинг “Chandrayaan-3” ой ровери Ойнинг жанубий қутби ҳақидаги биринчи илмий маълумотларни Ерга жўнатди. Бу ҳақда Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ҲКТТ) хабар берди.
“Тажриба Ой юзасининг термал ҳаракатини тушуниш учун қутб атрофидаги ой юқори қатламининг ҳарорат режимини ўлчайди. Ровер 10 сантиметр чуқурликдаги ой тупроғининг ҳароратини ўлчашга қодир ҳарорат зонди билан жиҳозланган”, деб ёзилган ташкилотнинг Х`даги расмий саҳифасида.
ҲКТТ расмийсининг сўзларига кўра, тупроқдан олинган маълумотлар олимларни ҳайратда қолдирган.
“Биз ой тупроғининг юзасидаги ҳарорат 20 дан 30 даражагача бўлиши мумкин, деб ўйлагандик. Лекин у 70 даража Цельсийни кўрсатди. Бу биз кутганимиздан ҳайратланарли даражада юқори”, деди у.
Маълумот учун, ушбу ой ровери камида бир Ой куни (14 Ер куни) ишлайди. Ҳиндистонлик олимларнинг фикрига кўра, Ойнинг жанубий қутби ҳудудида тоғ жинслари топилган бўлиб, улар Ойнинг пайдо бўлиши ҳақида кўп нарсаларни айтиб бериши мумкин. Бундан ташқари, олинган маълумотлар баъзи кратерларда музлаган сув мавжудлигини кўрсатди. Агар муз чиндан топилса, олимлар Қуёш тизимидаги сув тарихини таҳлил қилиш ва тушуниш учун ноёб имкониятга эга бўладилар.
Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни Ҳиндистон космик агентлиги Ойга “Chandrayaan-3” ракетасини учирди. Бу орқали мамлакат СССР, АҚШ ва Хитойдан кейин Ойга космик кемани муваффақиятли қўндирган дунёда тўртинчи давлат бўлди. У шунингдек, табиий йўлдошнинг жанубий қутбида қўнишни амалга оширган биринчи давлатдир.