Ҳиндистонлик миллионер бойлигини итига мерос қолдирди
Бу қизиқ
−
01 Ноябрь
5249Ҳиндистонлик миллионер, бизнес-магнат Ратан Тата 86 ёшида Мумбайда вафот этди, ўлимидан кейин у бойлигининг катта қисмини итига мерос қолдиргани маълум бўлди. Бу ҳақда “People Talk” хабар берди.
Қайд этилишича, миллионернинг ҳеч қачон оиласи ва фарзандлари бўлмаган. Ўлимидан икки ҳафта ўтгач, у бойлигининг катта қисмини (118 миллион доллар) севимли ити — Тито лақабли немис овчаркасига, бир қисмини эса бош ёрдамчиси Конар Суббиаҳга ҳамда ошпази Ражан Шоуга васият қилгани очиқланди. Тата мулкининг жуда кам қисмини ака-ука ва опа-сингилларига қолдирган.
Ратан Тата ўз васиятномасида унинг уй ҳайвонига “чексиз ғамхўрлик қилиш” шартлигини кўрсатган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, унинг ити ўлимигача Ратаннинг ёнида бўлган.
Ҳиндистонлик бизнесмен бутун умри давомида ҳайвонларга нисбатан ўзининг раҳм-шафқати ва меҳри билан ажралиб турган. “Tata Group” штаб-квартирасидаги дарвозабонларга ҳеч қачон қаровсиз ҳайвонларни орқага қайтармаслик кераклиги айтилган. Ратаннинг яқин дўсти Суҳел Сетнинг сўзларига кўра, Титога ғамхўрлик қилаётган ёрдамчи ва ошпазга қолдирилган маблағ миқдори жуда катта:
“Эндиликда улар умри давомида ҳеч қачон ишлашга мажбур бўлмайди”, дейди тадбиркорнинг дўсти.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Татани “бизнес лидери, раҳмдил инсон ва буюк шахс” деб атаган.
Маълумот учун, Ратан Тата 1937 йилда Мумбайда туғилган. У ёшлигида меъмор бўлишни орзу қилган ва АҚШда яшаб юрган пайтида уни тарбиялаган бувиси уйга қайтиб, оилавий бизнесда ишлашни илтимос қилган. Шундай қилиб, Татанинг TISCO номли туз ва пўлат ишлаб чиқарувчи компаниясидаги фаолияти бошланган. 1991 йилдан бошлаб Тата оилавий бизнесни бошқара бошлади ва йиллар давомида корхона 100 дан ортиқ компанияларни бирлаштирган йирик корпорацияга айланди. Тата 2024 йил 9 октябрда Мумбайдаги шифохонада вафот этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франциялик машҳур киноюлдуз Ален Делон ўз васиятига кўра, 35 та ити кўмилган черковга дафн этилганди. Актёр ҳаёти давомида 50 га яқин итга эга бўлган ва ҳайвонлар ҳуқуқларини фаол ҳимоя қилган.