Ҳиндистонда чақалоқлар метапневмовирус билан касалланди
Олам
−
07 Январь
1651Ҳиндистон Тиббий тадқиқотлар кенгаши (ICMR) Карнатака штатида метапневмовирус (HMPV) билан касалланган икки ҳолатни қайд этди. Бу ҳақда "Hindustan Times" нашри хабар берди.
Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, иккала ҳолат ҳам бронхопневмония (бронхит ва пневмония аломатлари ва белгиларини ўзида мужассамлаштирган касаллик) билан боғлиқ. Шифохонага ётқизилган икки нафар чақалоқда метапневмовирус аниқланган. Анамнезида бронхопневмония бўлган уч ойлик қизча даволанишдан сўнг чиқарилган, саккиз ойлик ўғил бола эса ҳали ҳам даволанмоқда.
Беморларнинг бирортаси ҳам мамлакатдан ташқарига саёҳат қилмаган. Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирус бутун дунё, шу жумладан, мамлакатда ҳам фаол тарқалаётганини таъкидлади.
Бироқ ICMR ва касалликлар мониторинги дастури (IDSP) маълумотларига кўра, мамлакатда ўткир респиратор касалликлар сонининг сезиларли ўсиши кузатилмаган. Ҳиндистонда респиратор касалликларнинг эҳтимолий тарқалишини бошқариш учун мунтазам ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Бу мамлакатга касалланиш сонининг кўпайишига тайёр бўлиш ва ҳар қандай таҳдидларга самарали жавоб бериш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хитойлик шифокорлар мамлакатда инсон метапневмовируси (hMPV) тарқалишини қайд этганди. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, мамлакатда 30 киши Хитойда тарқалаётган вирусга чалинган. Санитария-эпидемиология назорати қўмитасининг аниқлик киритишича, эпидемия мавсуми бошидан буён республика бўйича гриппдан ташқари вирусларга 8360 та намуналар текширилган. Шунингдек, Қирғизистонда 2024 йилнинг октябрь-декабрь ойларида (40-52-ҳафталар) 1 144 та бемордан таҳлиллар олинган ва шундан 2 ҳолатда метапневмовирус аниқланган. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткичлар 1,2 фоизни ташкил қилади.
LiveБарчаси