Ҳиндистонда аниқланган касаллик Мисрга етиб борди
Олам
−
31 Май 2021
6354Мисрда дастлаб Ҳиндистонда аниқланган “қора моғор” — мукормикоз касаллигининг еттита ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат шимолида жойлашган Заказик университети ректори Усмон Шаалян маълум қилган.
Қайд этилишича, ҳозирда мукормикоз аниқланган беморлар университет шифохонасида даволанмоқда.
Шааляннинг сўзларига кўра, юқумли касаллик Шарқия вилояти аҳолисида аниқланган, уларнинг иммунитети ўтган касалликлар ва коронавирус инфекциялари фонида заифлашган.
“Уч нафар беморда моғор билан зарарланган органларни олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Улардан бирининг аҳволи оғир, қолганлариники барқарор”, деган ректор.
Мукормикозни келтириб чиқарадиган споралар тупроқ, чанг ва органик чириш маҳсулотларида учрайди. Замбуруғ кўп ҳолларда инсон организмига ўпкани сунъий шамоллатиш қурилмалари орқали тушади.
Шифокорларнинг фикрига кўра, мукормикоз бошқа замбуруғлар каби узоқ вақт давомида интенсив терапия бўлимларида бўлган, гормонал дорилар билан даволанган ва кислород таъминотига уланган коронавирус беморларида аниқланмоқда.
Шунингдек, касаллик, катта дозада стероид қабул қиладиган диабетикларда учрамоқда. Замбуруғ инфекцияси одамнинг кўзларига, ўпкасига ва бурун-ҳалқумига таъсир қилади ҳамда коронавирус фонида бу ўлимга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда “оқ моғор”, “қора моғор” ва “сариқ моғор” тарқалиши қайд этилган.
Аввалроқ, Ҳиндистондаги шифохонада “сариқ моғор” касаллиги аниқланган илк бемор вафот этгани ҳақида хабар бергандик.