Ҳиндистон ва Бангладешга “Амфан” ёпирилди. Қурбонлар сони ошиб бормоқда

Олам 24114
image

Шарқий Ҳиндистон ва Бангладеш соҳилларида кучли “Амфан” циклонининг ёпирилиши оқибатида камида 21 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда бугун, 21 май куни “Hindustan Times” газетаси маълум қилди.

"Циклон Ғарбий Бенгалиянинг бутун жанубий қисмига таъсир кўрсатди. Қурбон бўлганлар сони 21 кишига етди. Табиий офат электр таъминотини узиб қўйди ва катта иқтисодий зарар етказди. Соҳил бўйидаги турар-жой бинолари, кўприклар ва бошқа иншоотлар вайрон бўлди. Зарарни аниқлаш учун бир неча кун керак бўлади", деди штат раҳбари Мамата Банержи.

"Биз коронавирус пандемиясидан кўпроқ зарар кўрдик", деди у.

Дастлабки маълумотларга кўра Ҳиндистоннинг шарқидаги Одиша штатида икки киши, Бангладешда эса циклон етти кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия ва Одиша штатларида табиий офатдан олдин 450 мингга яқин одам материк ичкарисига кўчирилган, Бангладешда эса икки миллиондан ортиқ одам эвакуация қилинган.

“Амфан” циклони Бенгалия кўрфазидан яқинлашган. Циклда шамолнинг ўртача тезлиги соатига 155-165 километрни ташкил қилади, шамол тезлиги соатига 190 километргача етади.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 888
Рейтинг: 3
t
×