Ҳиндистон ШҲТ якуний баёнотини имзолашдан бош тортди

Олам

image

Жорий йилнинг 26 июнь куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатларнинг Мудофаа вазирлари Хитойнинг Цингдао шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви якунида умумий баёнот эълон қилмади. Сабаби – Ҳиндистон Мудофаа вазири Ражнатх Сингх 22 апрель куни Жамму ва Кашмир штатининг Пахалгам шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужуми баёнотда эслатилмагани сабабли ҳужжатни имзолашдан бош тортди. Бу ҳақда “The Indian Express” хабар берди.

Нашрга кўра, Сингх терроризмга нисбатан ягона ва қатъий ёндашув йўқлигини танқид қилиб, баёнотни имзоламаганини билдирган. Унинг фикрича, минтақадаги энг муҳим муаммолар – тинчлик, хавфсизлик ва ишонч танқислигидир. Бу муаммоларнинг илдизи эса радикаллик, экстремизм ва терроризмнинг кучайиб бораётгани.

“Тинчлик ва тараққиёт терроризм ва оммавий қирғин қуролларининг нодавлат субъектлар ёки террор гуруҳларининг қўлида тарқалиши билан бирга яшай олмайди. Бу хавфларга қарши қатъий чоралар зарур. Айрим давлатлар трансчегаравий терроризмни сиёсий восита сифатида ишлатмоқда ва террорчиларга бошпана бермоқда. Бундай иккиёқлама мезонларга ўрин бўлмаслиги керак. ШҲТ бундай мамлакатларни очиқ танқид қилишдан тортинмаслиги лозим,” дейди Сингх.

Манбага кўра, Сингх қўшма баёнот Покистоннинг позициясига “мос тушганини” таъкидлаган, чунки унда юқоридаги ҳужум тилга олинмаган, бироқ Балужистон ҳудудидаги жангарилик фаолиятлари эслатиб ўтилган. Покистон Ҳиндистонни Балужистондаги озодлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаётганликда бир неча бор айблаган, Ҳиндистон бу даъволарни рад этади.

Бундан ташқари, минтақавий можароларда анъанавий тарзда Покистонни қўллаб-қувватлаб келаётган Хитой ШҲТ доирасида ҳам амалда Исломобод томонида чиққан. Саммит арафасида Покистон Мудофаа вазири Хаводжа Асиф Пекин ва Исломобод Ҳиндистонга қарши разведка фаолиятини мувофиқлаштираётганини очиқ тан олган.

Саммитдаги кескин муҳитда Ҳиндистон мудофаа вазири Ражнатх Сингх хитойлик ҳамкасбига ҳал этилмаган ҳудудий низолар ва чегарада узоқ муддатли тинчлик зарурлигини эслатган. Бироқ у Ҳиндистоннинг Хитой ва Покистон билан ўзаро ишонч даражаси ҳануз пастлигича қолаётганини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Ҳиндистоннинг баҳсли – Кашмир минтақасида 20 дан ортиқ одам теракт қурбони бўлган эди. Оқибатда Покистон ва Ҳиндистон ўртасида кескинлик кучайиб, ҳарбий ҳаракатлар бошланган. Кейинроқ эса бу ҳаракатлар АҚШ аралашуви билан тўхтатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти умумий баёнот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг