Ҳимолайдаги музликларнинг эриши 2 млрд осиёлик ҳаётига таҳдид солади
Олам
−
21 Июнь 2023
13790Ҳимолай тоғлари ва Ҳиндукуш тоғ тизмасидаги абадий музликларнинг эриши минтақадаги Осиё мамлакатларининг тахминан 2 миллиард аҳолиси ҳаётига хавф солиши мумкин. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Манбага кўра, музликларнинг эриши пермафростнинг қисқаришига олиб келади, бу эса кўчки ва тошқинлар хавфини ошириши мумкин. Келажакда иқлим ўзгариши минтақада чучук сув захираларининг камайиши, шунингдек, Афғонистон ва Мьянма ўртасидаги Ҳимолай зонасида биологик хилма-хилликнинг қисман йўқолиб кетишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари, табиий офатлар озиқ-овқат хавфсизлигига ва ГЭСлардан энергия олиш имкониятига салбий таъсир кўрсатади.
“Ушбу муҳим минтақани сақлаб қолиш учун ҳали вақт бор, фақат атмосферага ва ер сатҳига чиқарилаётган миллиардлаб тоннадаги чиқиндилар массасини кескин камайтириш керак. Қор ва абадий музларнинг эриши табиий офатлар тез-тез содир бўлишини, улар янада ҳалокатли тус олишини ва кўпроқ зарар келтиришини англатади”, дейди Тоғларни комплекс ривожлантириш халқаро маркази раҳбари ўринбосари Изабелла Козиелл.
Шунингдек, тадқиқодчилар 2011-2020 йиллар оралиғида Ҳимолайдаги музликлар аввалги ўн йилликдагидан 65 фоизга кўпроқ эришини бошлаганини маълум қилмоқда.
Олимлар бу жараённи антропоген манбалардан атмосферага зарарли чиқиндилар чиқиши билан боғлашади. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар ҳозирги тенденциялар давом этса, Ҳимолай музликлари ушбу асрнинг охирига келиб ўз ҳажмининг 80 фоизини йўқотиши мумкин.
Муҳсинжон Умурзоқов
LiveБарчаси