Ҳеч қандай ремонтада йўқ. “Реал Мадрид” ва “Бавария” ЕЧЛни тарк этди
Спорт
−
17 Апрель
494517 апрелга ўтар кечаси Европа Чемпионлар лигаси чорак финал жавоб ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Мадриднинг “Реал” клуби “Арсенал”ни қабул қилди ва 2:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Милан шаҳрида бўлиб ўтган яна бир баҳсда “Интер” “Бавария” билан 2:2 ҳисобини қайд этди.
Камбэклар қироли Мадридда маҳв этилди
Мадридда бўлиб ўтган учрашувнинг дастлабки дақиқаларида мезбонлар ҳужумчиси Килиан Мбаппе гол урганди, аммо офсайд сабаб бекор қилинди. Сал ўтиб, лондонликлар пенальти тепиш имкониятига эга бўлди, лекин Букайо Сака ушбу имкониятни голга айлантира олмади. Биринчи таймда бошқа айтарли вазият бўлмади. Иккинчи таймнинг 65-дақиқасида Букайо Сака Меринониннг чиройли пасини голга айлантира олди. Орадан 2 дақиқа ўтар-ўтмас, меҳмонлар ҳимоячиси Салибанинг хатосидан Винисиус фойдаланди ва ҳисобни тенглаштирди. Ўйин якунига қадар майдон эгалари бир қанча имкониятларни кўкка совурди. Асосий вақтга қўшиб берилган дақиқаларда бирга-бир вазиятга чиқиб келган Габриель Мартинелли гол уриб, “канонирлар”нинг ғалабасини таъминлади. Шу тариқа, Чемпионлар лигаси қироли деб аталган “Реал Мадрид” чорак финалда икки ўйин натижасига кўра, 5:1 ҳисобида “Арсенал”га мағлуб бўлди ва турнирни тарк этди. Лондонликлар ярим финалда ПСЖга қарши майдонга тушади.
“Сан-Сиро”даги отишмада “Интер” омон қолди
Чемпионлар лигаси жорий мавсумининг икки яширин фаворити деб ҳисобланган “Интер” ва “Бавария” ўзаро Милан шаҳридаги жавоб учрашувида тўқнаш келди. Биринчи тайм нисбатан зерикарли ўтди ва ҳисоб очилмади. Иккинчи таймнинг 52-дақиқасида Харри Кейн мюнхенликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан 5 дақиқа ўтар-ўтмас, Лаутаро Мартинес орадаги фарқни тенглаштирди. 61-дақиқада Павар собиқ жамоасини гол билан сийлади. 76-дақиқада эса Эрик Дайер ҳисобни 2:2 кўринишига келтириб қўйди. Ўйин якунига қадар ҳисоб бошқа ўзгармади ва “Интер” икки ўйин натижасига кўра, 4:3 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Миланликлар ушбу босқичда “Барселона”га тўқнаш келади.
Маълумот ўрнида, ярим финалнинг илк ўйинлари 30 апрель ва 1 май кунлари, жавоб баҳслари эса 7 ва 8 май кунлари бўлиб ўтади.
LiveБарчаси