Ҳатто Америкада ҳам унутишади. Клинтон ва Бушнинг суратлари Оқ уй фойесидан олиб ташланди
Олам
−
18 Июль 2020
14655АҚШ президентлари қароргоҳи Оқ уй фойесидан икки собиқ давлат раҳбари – 42-Президент Билл Клинтон ва 43-Президент кичик Жорж Бушнинг портрети олиб ташланди. CNN телеканали маълумотига кўра, суратлар аввал ошхона бўлган ва ҳозирда камдан-кам фойдаланиладиган хонага осилган.
Суратлар республикачилардан бўлган бошқа машҳур президентлар – Уильям Маккинли ва Теодор Рузвельт сурати билан алмаштирилган. Бу ўзгариш амалдаги Президент Дональд Трамп хоҳиши билан бўлгани айтилмоқда.
Бунга амалдаги давлат раҳбарининг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг хотиралари сабаб бўлгани тахмин қилиняпти. Болтон Дональд Трамп Клинтонни “ёмон Президент, кичик Бушни эса “аҳмоқ” деб, улардан нафратланишини ёзган.
Анъанага кўра, фойе зинаси атрофидаги деворларда америка етакчиси ҳар куни меҳмонларни кутиб олишга чиққанда кўриши учун аввалги давлат раҳбарларининг суратлари осиғлиқ туриши керак. Оқ уй суратлар қачон алмаштирилгани бўйича телеканал сўровига изоҳ бера олмаган.
Маълумот учун, Трамп бунгача Оқ уйнинг собиқ президентлар суратларига алоқадор қоидасини бузганди. У ўзаро муносабатлари яхши бўлмаган мамлакатнинг 44-Президенти Барак Обаманинг сурати фойега илинишига йўл қўймаган.