“Ҳашар оши” олиб боргандим. Жиззахда ўқитувчи далада пахта термаганини айтди
Жамият
−
21 Сентябрь 16402 2 дақиқа
Аввалроқ, Жиззах шаҳридаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Гулбаҳор Самадова 11 сентябрь куни қабул қилинган “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Президент фармони билан давлат мукофотига – “Шуҳрат” медалига лойиқ кўрилгани ҳақидаги хабарни пахта даласида эшитгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг ўқитувчининг ўзи QALAMPIR.UZ билан боғланиб, ҳолатга ойдинлик киритди.
Гулбаҳор Самадованинг маълум қилишича, у 14 сентябрь, якшанба куни ўз хоҳиши билан пахта даласидаги меҳнаткашларни йўқлаб таом олиб борган ва бир грамм ҳам пахта термаган. Унвон билан тақдирлангани ҳақидаги хабарни эса 11 сентябрь, пайшанба кунида эшитган, фақат у пахта даласидалиги пайтида тақдирланиш санаси ва жойи айтилган ҳамда видеода шу назарда тутилган.
“Мени далада пахта терадиган кучим йўқ, вилоятда маданий ишларда ҳам фаол бўлганим учун теримчиларни “ҳорманг” деб йўқлаб боргандим. Бир грамм ҳам пахта термаганман. 35 йилдан бери педагог сифатида фаолият юритаман. Ўтган йили вилоятда “Йилнинг энг жонкуяр устози” бўлганман. Ўқувчиларимнинг 3 нафари президент мактабларига қабул қилинди. Ўқитувчи далада ишласа, бундай натижага эриша олмайди”, дейди муаллима.
Маълумот учун, Гулбаҳор Самадова 2022 йил Республика Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган “USTOZ-2022” танловида “Таълим соҳасида кўрсатган хизматлари учун” йўналишида 2-босқичда Республикада 3-ўринни қўлга киритиб, сертификат билан, 2024 йил “Турон технологиялари академияси” инновацион таълим маркази ва “Euro study edu” илмий марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилган “Илм-фан бунёдкори-2024” Республика илмий-амалий танловида муваффақиятли иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритганлиги учун сертификат ва Илм-маърифат марказининг 2024 йил 10 октябрь кунги 5-сонли буйруғига асосан, МДҲ миқёсида ташкил этилган “Илм-фан бунёдкори” эсдалик нишони билан тақдирланган.
2025 йил 15 майда "Халқаро оила куни" муносабати билан “Ибратли оила” кўкрак нишонига лойиқ кўрилган.