Ҳамширани ҳақоратлаган фуқаро 15 суткага қамалди
3-саҳифа
−
02 Февраль 2023
7348Қашқадарёда ҳамширани ҳақоратлаган фуқаро 15 суткага қамалди. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ИИБ Ахборот хизмати маълумот берди.
Маълум қилинишича, 2023 йил 30 январь куни тахминан соат 8:30 лар атрофида Яккабоғ туманидаги Алақарға қишлоғида жойлашган поликлиникага Яккабоғ тумани “Жайчи” МФЙда яшовчи фуқаро О.Э. келиб, мобил телефони билан поликлиникани видеотасвирга олган. Поликлиника катта ҳамшираси М.Ж. ундан нима сабабдан видеотасвирга олаётганини сўраганда, О.Э. уни фуқаролар олдида ҳақорат қилган.
Натижада катта ҳамшира М.Ж. шу куни соат 10:30 ларда ўзини ҳақорат қилган фуқарога нисбатан Яккабоғ туман ИИБга ариза бериш мақсадида кетаётганда йўлда, яъни “Яккабоғ истиқлоли” бозорда О.Э.ни учратиб қолган. Ўзаро мулоқот давомида О.Э. бозорда такроран катта ҳамшира M.Ж.ни иккинчи бор ҳақорат қилган. Натижада фуқаро О.Э.га нисбатан Яккабоғ туман ИИБ ходимлари томонидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Жиноий ишлар бўлими Яккабоғ туман судига юборилган.
Жиноий ишлар бўлими Яккабоғ туман судининг 2023 йил 31 январь кунидаги қарорига кўра, фуқаро О.Э. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида (майда безорилик) кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси