Ҳамон совет мафкурасини қўллаб-қувватловчилар бор – Озодбек Назарбеков

Интервью

Ўзбекистонда сўнгги бир-бир ярим ойда ижтимоий тармоқларда мафкура масаласи кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Тошкентда таъмирланган бутхона, 9 майнинг Ғалаба куни сифатида нишонланиши Ўзбекистонда ҳамон собиқ иттифоқдан қолган мафкура ҳукм сураётганини англатиши муҳокама марказида бўлди. 

Ўзбекистонда мафкура масаласида сўз очилгудек бўлса, гап бориб ё оқпошшою Сталинга, ё турк сериалларига, жуда бўлмаганда ғарбдан “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келаётган воситаларга бориб тақалади. Хўш, Ўзбекистон нима учун хориждан кириб келаётган мафкурадан қўрқиши керак? Ҳа, агар ўтган 30 йил давомида мустақил Ўзбекистон мафкурасини ишлаб чиқиб, халқни, айниқса, ёшларни ушбу мафкура атрофида бирлаштира олмаган бўлсак, унда қўрқув ўринли. Йўқса, бекорга вақт сарфлаяпмиз. 

Хабарингиз бор, куни кеча QALAMPIR.UZ Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан суҳбатлашди. Унда мафкура масаласида ҳам сўз борган: 

Озодбек Назарбеков, вазир: — Очиғини айта оламан, мустақиллик йиллари мобайнида бу мафкура яратилмади. Майиб мафкура бўлди. Мафкуранинг вазифаси – халқни, жамиятни юксалтириш. Яъни руҳини, онгини, тафаккурини юксалтириш. У кескир фикрий пойдевор билан бўлади. Фикрий пойдеворнинг ўзи ишлаб чиқилмади ёки пуч пойдеворлар қўйилди. 

Қамариддин Шайхов, журналист: – Мафкурамиз майиб бўлган бўлса, сиз қаердан чиқдингиз? Бу лавозимга қайси мафкура билан келдингиз? 

О.Н.: — Албатта, бу табиий савол. Мени шахсан ўз мафкурам бор. Бугун жамият оммавий тарзда эргашадиган мафкурани шакллантира олмадик. Ўзимнинг шахсий мафкурам доим бўлган. Миллатим, Ватаним, диним, оиламнинг равнақ топиши – мен учун ҳаёт-мамот масаласи. Менга шахс сифатида мана шу мафкуранинг ўзи етади. Агар 4-5 та омилнинг равнақ топишига хизмат қилиб ўтсам, мен ҳаётимдан мамнунман, розиман. 

Бугунги кунда ҳамма якдил мафкурани қабул қила олдими, деган савол бор. Мана шу саволга жавоб йўқ. Албатта, уринишлар, ҳаракатлар бўляпти. 

Жамиятимизда юқори идоралардан тортиб, энг қуйи қатламгача хилма-хиллик, умуман мафкуравий келишмаслик ҳолатлари жуда кўп. Катта-катта лавозимда ўтирган одамлар орасида ҳам айнан мафкура масалада хилма-хиллик бор. Ўша асоратлари яшамоқда. Ҳали ҳам совет мафкурасини қўллаб-қувватловчилар бор. Умуман мафкурасиз яшаш керак, мафкуранинг нима кераги бор, дейдиганлар ҳам топилади. 

Қ.Ш.: — Керакми? 

О.Н.: — Керак! Мафкурасиз жамиятни бошқариб бўлмайди. 

Қ.Ш.: — Уми ё улар? Яъни мафкурани қура олишмадими ё қура олмади? 

Озодбек Назарбековнинг шу ва бошқа саволларга қандай жавоб берди? Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озодбек Назарбеков

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг