ҲАМАСни йўқ қилиш Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилмайди – қиролича Рания
Олам
−
06 Ноябрь 2023
8572ҲАМАС ҳаракатини йўқ қилиш Фаластин-Исроил можаросини ҳал қилмайди. Бу фикрни Иордания қироличаси Рания CNN телеканалига берган интервьюсида билдирди.
"Сиз ҲАМАСдаги ҳаммани ўлдиришга муваффақ бўлдингиз ҳам дейлик, кейин нима бўлади? Ушбу можаронинг илдизи ноқонуний ишғол, инсон ҳуқуқларининг доимий бузилиши, ноқонуний аҳоли пунктлари қурилишида ётади. Сиз жангчини ўлдиришингиз мумкин, аммо асосий сабабни ўлдира олмайсиз", дейди қиролича.
Раниянинг таъкидлашича, Исроил расмийларининг Ғазо секторидаги тинч аҳоли манзилларига зарба беришдан олдин тарқатаётган огоҳлантиришлари амалда фойдасиз, чунки можаро бошланганидан бери анклавда электр энергияси узилиб қолган.
“Бу фақат Исроилнинг ўз ҳаракатларига қонунийлик беришга уриниши, уларни ҲАМАС тинч аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланаётгани билан оқлаш. Албатта, одамлардан тирик қалқон сифатида фойдаланиш жиноят ҳисобланади. Бироқ, бир томон тинч аҳолини хавф остига қўйган тақдирда ҳам, улар халқаро ҳуқуқ томонидан тўлиқ ҳимояланган. Бу халқаро стандарт ва ҳеч бир давлат учун истисно бўлиши мумкин эмас", дейди қиролича Рания
Шунингдек, қиролича Ғазодаги Жабалия қочқинлар лагерига уюштирилган зарбада тинч аҳолининг ўлими тасодифан эмас, балки олдиндан режалаштирилган ҳаракат, уруш жинояти эканини таъкидлайди.
Фаластин Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Жабалияга берган қатор зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони 400 нафардан ошган, уларнинг ярми болалардир.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Иордания қироличаси Ғарб давлатлари раҳбарлари Исроилнинг Ғазо секторидаги бомбардимонлари оқибатида минглаб тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлганини оқлаётгани, уларнинг иккиюзламачилиги белгиси эканини айтганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь