ҲАМАС етакчиси урушдан сўнг Ғазони ким бошқариши кераклигини айтди

Олам

image

Ғазо секторида ўн минглаб одамлар АҚШ етказиб берган қуроллардан фойдаланган ҳолда ўлдирилган. Бу ҳақда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раиси Исмоил Хония “Анадолу” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластиннинг халқаро ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиши ҳақидаги резолюциясига вето қўйгани Вашингтоннинг исроилпарастлик позициясини эгаллаб, Фаластин халқи ҳуқуқларини таъминлашга қарши эканини кўрсатади.

“АҚШ тинч аҳолининг жабрланишини истамаслигини айтса ҳам, унинг позицияси бу алдамчи эканини кўрсатади. Бу манипуляцияга уринишдир. Ғазо секторида ҳалок бўлган барча тинч аҳоли, минглаб, ўн минглаб шаҳидлар Америка қуроллари, Америка ракеталари ва АҚШнинг сиёсий ҳимояси остида ўлдирилган. АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг (Ғазода) ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги резолюциясига вето қўйиши нимани англатади? Бу АҚШ Ғазо секторида қирғин ва қотилликларнинг давом этишини тўлиқ ҳимоя қилишини англатади”, дейди сиёсатчи.

Рафаҳдаги операция қатлиомга айланиши мумкин

ҲАМАС раҳбари Исроил армиясининг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида мумкин бўлган қуруқликдаги операциясидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, бу Фаластин аҳолисининг қирғинига айланиши мумкин.

“Мен барча қардош мамлакатларни, Қатардаги биродарларимизга воситачи бўлган Миср ва Туркиядаги биродарларимизни, шунингдек, Европа давлатларини (Исроил) тажовузкорлигини тўхтатиш ва Рафаҳ операциясининг олдини олиш, Ғазо секторидан (Исроил армиясини) тўлиқ олиб чиқиш ҳамда Ғазо секторига ҳужумларни тўхтатиш чораларини кўришга чақираман”, дейди у. 

ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исроил армияси Рафаҳга қуруқликдан ҳужум уюштирган тақдирда Фаластин халқи қатъий қаршилик кўрсатишини таъкидлади. 

“Агар сионист душман Рафаҳга кирса, Фаластин халқи оқ байроқни кўтармайди. Рафаҳдаги қаршилик жангчилари ўзларини ҳимоя қилишга ва ўз халқига қарши ҳужумларга қаршилик кўрсатишга тайёр”, дейди Хония.

Иcроил билан музокаралар

ҲАМАС етакчисининг таъкидлашича, Исроил барча музокараларга қарамай, Ғазода ўт очишни тўхтатишга рози бўлмаган. Унинг сўзларига кўра, Исроил томони воситачилар орқали берилган сулҳ бўйича ўнлаб таклифларни рад этган. 

“Исроил фақат асирларни қайтариш ва кейин Ғазодаги урушни давом эттиришни хоҳлайди. Лекин бу мумкин эмас. Исроил армияси Ғазодан бутунлай чиқиб кетиши керак. Исроил ҳам кўчирилган одамларнинг Ғазо сектори шимолига қайтишини истамайди. Буни қабул қилиб бўлмайди”, дейди Хония.

Унинг таъкидлашича, Исроил 7 октябрдан бери Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидан 14 мингга яқин фаластинликни ҳибсга олганига қарамай, ҳозиргача маҳбуслар алмашинуви учун фақат оз сонли фаластинлик маҳбусларни таклиф қилган.

“Келишувга эришишга (Исроилга) ҳеч қандай босим ўтказмайдиган АҚШ ва Исроил тўсқинлик қилмоқда. Исроил бизнинг талабларимизни қабул қилиши биланоқ биз шартнома тузишга тайёрмиз”, дея қўшимча қилди у.

Урушдан сўнг Ғазо секторини бошқариш

Исмоил Хония жанговар ҳаракатлар тугагач, Ғазо сектори фаластинликлар томонидан бошқарилишини таъкидлади.

“ҲАМАС Ғазо секторини якка ўзи назорат қилишни талаб қилмайди. Бироқ, биз Фаластин халқининг бир қисмимиз ва ҳамкорликка асосланган миллий бирлик ҳукуматини тузиб, Ғазо секторини бошқариш бўйича келишиб олишимиз мумкин. Бу миллий муаммолар. Биз ишғолчилар ёки бошқа бировнинг Фаластин, Ғазо сектори, Ғарбий Соҳил ёки иккаласидаги вазиятни тартибга солишига рухсат бермаймиз”, дейди у.

Хония Ғазо секторини бошқаришнинг бир қанча муқобил вариантлари таклиф қилинганини, бироқ улар муваффақиятга эришмаганини таъкидлади.

“Биз Фаластиннинг ички сиёсатини тартибга солиш учун икки босқичли режа ишлаб чиқдик. Биринчи босқич Фаластин Озодлик Ташкилотини барча Фаластин гуруҳларини ўз ичига олган ҳолда қайта ташкил этишдан иборат. Иккинчи босқич Ғазони реконструкция қилиш ҳамда Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги институтларни бир том остида бирлаштириш, шунингдек, президентлик, қонунчилик ва миллий кенгаш сайловларини ўтказишни таъминлайдиган миллий ҳукуматни яратишни ўз ичига олади”, дейди у. 

Хония Ғазо сектори Фаластиннинг “миллий қисми” эканини таъкидлади. Унга кўра, ҲАМАС урушдан кейин мамлакат Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилни қамраб олган Миллий келишув ҳукумати томонидан бошқарилишини кутмоқда.

Фарзандлари ва невараларининг ўлдирилиши ҳақида

Исмоил Хония Исроил армиясининг Ғазо секторига уюштирган зарбаси оқибатида ўғиллари ва невараларининг ўлдирилганига ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, бу воқеа “тинч аҳоли, минглаб болалар, аёллар ва қарияларнинг ўлдирилиши бундан мустасно, душманнинг етти ой давомида ҳарбий мақсадларига эриша олмаганини” акс эттиради.

“Байрам (Рамазон – таҳр.) пайтида содир этилган, бунинг оқибатида уч ўғлим ва беш набирам ҳалок бўлган қирғинни ҳам шу нуқтаи назардан кўриб чиқиш керак ва бу душманнинг муваффақиятсизлигидан далолат беради”, дея қўшимча қилди сиёсатчи.

Хония Исроилнинг ҲАМАС етакчиларига босим ўтказиш ва уларнинг оила аъзоларини ўлдириш орқали музокараларда ён беришга мажбурлаш уринишлари беҳуда эканини таъкидлади.

“Менинг ўғилларим Фаластин халқининг бир қисми ва уларнинг аҳволи Фаластин халқининг бошқа вакиллари билан бир хил. Мен бошиданоқ ўғилларимнинг қони Ғазода, Ғарбий Соҳилда ёки бошқа жойда Фаластин халқи фарзандларининг қонидан қимматроқ эмаслигини айтдим”, дейди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҲАМАС Исмоил Хония

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг