ҲАМАС Фаластин халқи манфаатларини ҳимоя қилмайди – Маҳмуд Аббос

Олам

image

ҲАМАСнинг ҳаракатлари ва сиёсати Фаластин халқи манфаатларини акс эттирмайди. Бу гапни Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос Венесуэла раҳбари Николас Мадуро билан телефон орқали мулоқоти чоғида айтиб ўтган.

Қайд этилишича, ушбу мулоқотда Маҳмуд Аббос ҳам фаластинликлар, ҳам исроилликлар ўртасида тинч аҳолининг ўлдирилишига қарши эканини билдирган. Ҳар икки томонни тинч аҳоли ва маҳбусларни озод қилишга чақирганини қўшимча қилган.

“Фаластин-Исроил можароси сиёсий ечим билан якунланиши керак, бу эса зўравонликсиз йўллар билан топилади”, деган у.

Шунингдек, Маҳмуд Аббос Ғазо секторида гуманитар йўлаклар очилиши, аҳоли сув ва дори-дармон билан таъминланиши кераклигини таъкидлаган.

Фаластин раҳбари халқнинг Ғазо секторидан кўчирилишини бутунлай рад этишига ишора қилиб, буни “фаластинликлар учун иккинчи Накба” (фаластинлик арабларнинг 1947-1949 йиллардаги араб-исроил уруши оқибатида кетиши) деб атаган.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Маҳмуд Аббос ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made