ҲАМАС делегацияси яна Москвага борди 

Олам

image

Россия пойтахти Москвада Фаластин фракцияларининг йиғилишида иштирок этган ҲАМАС ҳаракати делегацияси Россия Президентининг Яқин Шарқ ва Африка бўйича махсус вакили, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов билан учрашди. Бу ҳақда ҲАМАС тегишли баёнотини эълон қилди.

“ҲАМАС делегацияси Россияга Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш, Москвада Фаластин ҳаракатлари орасида учрашув ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди ва Россия ТИВ раҳбари ўринбосари билан Фаластин сафларини бирлаштириш бўйича музокаралар давомида эришилган ижобий натижаларни муҳокама қилди”, дейилади ҲАМАС баёнотида.

Музокаралар чоғида Исроил агрессиясига қаршилик кўрсатиш ва Фаластин халқига гуманитар ёрдам юбориш муаммолари муҳокама қилинган. Томонлар бундай учрашувларни давом эттириш зарурлигини тасдиқлаган.

Маълумот учун, турли Фаластин ҳаракатлари вакиллари ички бўлинишни бартараф этиш учун Москвада 1-2 март кунлари маслаҳатлашувлар учун йиғилди. Россия томони Фаластин Озодлик Ташкилотига аъзо бўлган фракция делегатлари, жумладан, FATH, шунингдек, ҲАМАС ва “Исломий жиҳод” иштирокчиларининг учрашуви учун ўз платформасини тақдим этди, музокаралар учун жами 10 дан ортиқ ташкилот эмиссарлари келди.

Москвадаги учрашув якунлари бўйича якуний баёнотда Фаластин фракциялари ўзларининг асосий мақсадларига эришиш, жумладан, Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳилдаги Исроил тажовузига, шунингдек, фаластинликларни ўз ерларидан куч билан сиқиб чиқаришга уринишларга қарши туриш учун ҳаракат бирлигини эълон қилди. Фаластин фракциялари “Фаластин халқининг ягона қонуний вакили – Фаластин Озодлик Ташкилоти доирасидаги барча Фаластин кучлари ва фракцияларини қамраб олган кенг қамровли миллий бирликка эришиш учун” учрашувларини давом эттиришга келишиб олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Москва ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг