ҲАМАС эртага гаровдаги 3 кишини озод қилади
Олам
−
31 Январь
1345Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати эртага, 1 февраль куни озод қилмоқчи бўлган гаровга олинганлар рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда ҲАМАС аъзоси Абу Убайда маълум қилди.
Билдирилишича, маҳбуслар орасида Исроил, АҚШ ва Франция фуқаролари бор.
“Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати 1 февраль куни Исроил фуқароси Ярден Бибас, америкалик Кит Сигел ва Франция фуқароси Офер Кальдеронни озод қилиш режалаштирилганини маълум қилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, уларнинг барчаси тирик ва яхши аҳволда.
34 ёшли Ярден Бибас Исроилнинг Нир-Оз кибуцидан. Кит Сигел 65 ёшда ва у Исроилнинг Кфар Аза шаҳридан. Исроил ва АҚШ фуқаросининг 4 фарзанди ва 5 набираси бор. 54 ёшли Офер Кальдерон ҳам Исроилнинг Нир-Оз кибуцидан.
Хабарга кўра, улар озод этилганидан кейин 79 нафар гаровга олинганлар Ғазода қолади.
Маълумот учун, Исроил, ҲАМАС, АҚШ ва Қатар вакиллари 16 январь куни кечқурун Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. 19 январь куни кечқурун ҲАМАС биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Улар уч нафар шахсдан иборат бўлган. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. 25 январь куни сулҳ келишувининг биринчи босқичи доирасида асир алмашишнинг иккинчи раундида Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёл эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 нафар фаластинлик озод қилинди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 январь куни Исроил ҳукумати гаровга олинган фаластинлик маҳбусларни озод қилишни қисқа муддатга кечиктирганди.
LiveБарчаси