Ҳакамларнинг баҳсли қарорлари ЎФАда муҳокама қилинди
Спорт
−
27 Октябрь 2021
5764Ўзбекистон Суперлигасида ҳакамлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице президенти, Жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп ўйинни бошқарган рефери Равшан Эрматов бошчилигида махсус семинар ташкил этилди.
Сўнгги кунларда Ўзбекистон чемпионати учрашувларидаги ҳакамлик мавзуси кенг муҳокамаларни келтириб чиқармоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациасида якунланган тур учрашувлари ва баҳсли вазиятлар юзасидан ҳакамлар иштирокидаги семинарда барча эътирозли вазиятлар атрофлича кўриб чиқилиб, таҳлил қилинди.
“ЎФА ҳакамлар қўмитаси ҳар ой йиғилиб, вазиятлар ва баҳсли ҳолатларни муҳокама қилар эдик. Маълум сабабларга кўра, бу анъана тўхтаб қолган эди. Реферилар ҳам оддий инсонлардир, хато қилиши табиий. Лекин атайлаб хато қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Агар шундай ҳолат аниқланса, шахсан ўзим бир умрга футболдан четлатиш тарафдориман. VAR тизимини олиб келишдан мақсад ҳам адолатли ўйин қуришдан иборат. 2016 йил FIFA’да ушбу тизимнинг синов жараёни бўлиб ўтган. Ўшанда кўплаб мураббийлар қабул қила олмаганди. Сабаби юз йил давомида футбол умуман бошқа тизимда эди.
Унинг масъулияти жуда юқори. Ўйинни бошқараётган инсон хато қилиши мумкин, бироқ VAR’даги ҳакамнинг хатога йўл қўйишга ҳаққи йўқ. Қиладиган ишларимиз жуда кўп, ҳакамликда муаммолар етарлича. Суперлига даражасидаги рефери тайёрлаш учун камида 7-8 йил вақт керак бўлади, агар унинг футболга бўлган тушунчаси ва қарашлари юқори бўлса. Тизимли равишда ҳар бир вилоятдан футболни тамомлаган 20-21 ёшли ҳакамлар гуруҳи ташкил этилган. Улар ҳар 3 ойда Тошкентда йиғилиб, инструкторлар билан ишламоқда. Биз вазиятга фақат ва фақат таҳлил билан ёндашмоқдамиз ва тўғри йўлдан кетяпмиз”, дейди Эрматов.
FIFA рефериси, ОФК конструктори Валентин Коваленко йиғилганларга Суперлигада юзага келган баҳсли ҳолатлар юзасидан тушунтириш ва маълумотлар берди.
Мисол учун, “Навбаҳор” ва “Бунёдкор” ўйинида икки футболчи ўзаро тўқнашган. Бу вазиятда оқ либосдаги наманганликлар футболчиси хавфли ҳаракат қилган. Қоида бўйича унга қизил карточка кўрсатилиши керак эди. Лекин бош ҳакам Акобирхўжа Шукруллаев мезбонлар фойдасига жарима зарбаси белгилади. Семинарда реферининг ўзи вазият жуда тез рўй бергани ва контактнинг иккинчи қисмини кўрганини таъкидлади. VAR ассистенти сифатида ишлаган Фирдавс Норсафаров эса “стоп-кадр”да хатога йўл қўйганини тан олди.
“Пахтакор” – “Қизилқум” учрашувида эса бош ҳакам Фирдавс Норсафаров иккинчи пенальтини белгилашда хато қарор қабул қилган. Аслида, қоида жарима майдони ташқарисида бузилган. Бу вазиятда пенальти эмас, жарима тўпи белгиланиши керак бўлган. Ушбу ўйинда VAR тизимидан фойдаланилмаган. Норсафаров учрашувдан сўнг, номуайян муддатга Суперлига ўйинларидан четлатилди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг “Локомотив” клуби бош мураббийи Микаэль Секейра “Қўқон-1912”га қарши кечган учрашувдаги мағлубиятдан сўнг (1:2), бош ҳакам Зокир Қодировнинг қарорларига эътироз билдирган эди. Португалиялик мутахассис футбол ривожланиши ва Ўзбекистон МТЖ Жаҳон чемпионатига чиқиши учун Европа футбол ассоциациясига (UEFA) қўшилиш кераклигини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь