Ҳақорат учун белгиланадиган жиноят турига ўзгартириш киритилиши мумкин

Жамият 3114
image

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми (ҳақорат қилиш)да назарда тутилган жиноят маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида эътироф этилаётганлиги муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳасида келтириб ўтилган.

Лойиҳага асосан таклиф этилаётган таҳрир қуйидагича, 

140-модда. Ҳақорат қилиш:

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

ЖКнинг 140-моддасидан ҳақорат қилганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи биринчи қисм чиқариб ташланмоқда.

Шунингдек, МЖтКнинг 41-моддасини шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситувчи ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такроран содир этганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи иккинчи қисм билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

41-модда. Ҳақорат қилиш:

•  (биринчи қисм) Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш - базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

•  (иккинчи қисм) Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шаҳноза Тўрамуротова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 3.1
t
×