Ҳабиб Нурмуҳамедов Отабек Умаровга миннатдорлик билдирди

Спорт 4842
image

Аввалроқ, “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ММA бўйича GFC-20 турнири олдидан тадбир ташкилотчилари ва унинг фахрий меҳмонлари иштирокида Матбуот анжумани бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик. 

Унда Мутлақ жанглар чемпионатининг (UFC) енгил вазн тоифасидаги чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов ва Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси президенти Отабек Умаров иштирок этди.

Анжуманда UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов Отабек Умаровга миннатдорлик билдирди.

“Отабек Умаровга ушбу турнирни Тошкентда ўтказиш учун ҳаракат қилиб, жонбозлик кўрсатгани учун миннатдорлик билдираман. Шунингдек, Ўзбекистон ММА федерациясининг ривожланишини тилаб қоламан”, деди Ҳабиб Нурмуҳамедов.

Нурмуҳамедов бу спорт тури ёшлар орасида оммалашиб бораётганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, UFC чемпиони ёшларга ўз тилакларини билдирди.

“Ёшларнинг бекорчи вақти кам бўлиши учун кўп вақтини ўқиш ва шуғулланиш билан ўтказишни тилайман. Негаки, 20-30 йилдан кейин мамлакатдаги вазият ҳозир тарбияланаётган ёшларнинг қўлида бўлади”, деди Нурмуҳамедов.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 23 ноябрь куни пойтахт Тошкентдаги “Humo Arena” спорт мажмуасида илк бор ММA бўйича GFC-20 турнири бўлиб ўтади. Ҳабиб Нурмуҳамедов ушбу турнирнинг фахрий меҳмони сифатида иштирок этади.

GFC-20 мусобақаси доирасида Россия (5 нафар), Ўзбекистон (7 нафар), шунингдек, Озарбайжон, Франция, Бразилия, Аргентина, Суринам, Тунис ва Украина давлатларининг спортчилари иштирокида 12 та жанг ўтказилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 3
t
×
×