Эрдўған ва Туркия мухолифати Истанбул учун курашяпти
Олам
−
31 Март
6083Туркияда маҳаллий вақт билан соат 07:00 да сайлов участкалари бир соат олдин очилган республиканинг жануби-шарқида маҳаллий муниципал сайловларда овоз бериш бошланди. Мамлакатнинг асосий қисмида сайловлар соат 08:00 да бошланиб, 17:00 да якунланади.
Туркия Марказий сайлов комиссияси қарорига кўра, мусулмонлар анъанавий тарзда рўза тутадиган Рамазон ойининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда овоз бериш жадвалига ўзгартиришлар киритилган. Улар 81 вилоятдан 32 тасига тааллуқли.
Туркияда шаҳар, муниципалитетлар ва бошқа маҳаллий ҳокимият органлари мэрлари сайланади. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, овоз беришда 61,4 миллион сайловчи иштирок этади. Туркия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, сайлов хавфсизлигини 600 мингга яқин ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шунингдек, кўнгиллилар таъминламоқда.
Социологлар Истанбул ва Анқарадаги асосий сиёсий қарама-қаршиликни кутмоқда. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигидаги ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси мухолифатдан улар беш йил аввал қўлга киритган мэрлик лавозимларини қайтариб олиш ниятида.
“Financial Times” газетасининг ёзишича, Истанбул мэрлиги сайловидаги ғалаба Туркия сиёсий мухолифати учун сўнгги имкониятдир. Мутахассисларга кўра, мухолифат учун “Истанбул учун кураш”да ғалаба қозониш жуда муҳим. Ўтган йилнинг май ойида бўлиб ўтган сайловларда муқобил президентликка номзоднинг мағлубияти альянснинг бирдамлигини заифлаштирди.
“Бу аллақачон тартибсизликка учраган мухолифат партиялари учун ҳал қилувчи сайлов. Агар улар Истанбулни йўқотса, қийин аҳволга тушиб қолишади”, дейди Истанбул Сабанжи университети профессори Берк Эсен.
Истанбулда мэрлик учун амалдаги Президент партияси томонидан кўрсатилган собиқ атроф-муҳит ва шаҳарсозлик вазири Мурод Курум ва мухолифат номзоди, амалдаги мэр Экрем Имомўғли рақобатлашади. Унинг 2019 йилдаги муниципал сайловларда ғалаба қозониши Ражаб Тойиб Эрдўған учун кутилмаган бўлган эди. FT’нинг ёзишича, маҳаллий аҳоли ҳали ҳам мухолифат номзодини афзал кўради. Қайд этиш жоизки, бу минтақа Эрдўған учун алоҳида аҳамиятга эга – у Истанбулда туғилган ва 1994-1998 йилларда шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган.