Деҳқонободга 4 ой раҳбарлик қилган ҳоким ишдан олинди
Жамият
−
24 Февраль
14907Қашқадарё вилоятидаги Деҳқонобод туманини 4 ойдан бери бошқариб келаётган Акром Исомиддинович Сулаймонов туман ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, у бугун, 24 февраль куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Деҳқонобод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида лавозимидан озод этилган.
Акром Сулаймоновнинг ўзи ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ишдан олинганини тасдиқлаган.
“Азизлар, меҳнат фаолиятимда навбатдаги ўзгаришлар сабаб Деҳқонобод туманини тарк этдим. Қисқа вақт бўлса-да, менга ишонч билдириб, ўз яқини, ака-укасидек кўргани учун барча фахрийларимизга, ҳамкасбларимга, айниқса, самимият ва меҳмондўстлик учун барча Деҳқонобод тумани аҳлига чин юракдан миннатдорлик билдираман.
Афсусдаман, барчангиздан узр сўрайман, ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп эди, қаердадир тугалланмаган ишларимиз қолди, ўйлайманки, янги ҳокимимиз бу ишларни давом эттиради.
Менга берган амалий ёрдамингиз, қўллаб-қувватлаганингиз, умуман, ҳамма-ҳаммаси учун яна бир бор раҳмат сизларга. Яратган эгам барчангизни ўз паноҳида асрасин”, деб ёзган у Facebook’даги саҳифасида.
Сулаймонов Деҳқонободга раҳбарлик қилишдан аввал Шаҳрисабз туманини бошқарган. Айни дамда у нима сабабдан лавозимидан бўшатилгани ва қайси вазифага тайинлангани маълум эмас.
Маълумот учун, Акром Сулаймонов 2023 йил 26 октябрь куни Қарши туманига ҳоким қилиб ўтказилган Зоир Алиқулов ўрнига Деҳқонобод тумани ҳокими этиб тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Учкўприк тумани ҳокими лавозимида 2022 йил май ойидан буён фаолият юритаётган Аброржон Асқаров ишдан олинган эди.
LiveБарчаси