Европаликлар Фаластинни қўллаб, Париждан Брюсселга йўл олди (видео)
Олам
−
21 Январь
8169Европалик фаоллар фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун Париждан Брюсселга йўл олди. Улар 1 февралгача Европа парламентига етиб боришни мўлжал қилган. Бу ҳақда Франция ва Фаластин бирдамлик уюшмаси ўзининг “Х” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
20 январь, шанба куни бир неча юз киши Фаластин халқини қўллаб-қувватлаш учун кўчаларга чиқди. Акция “Urgence Palestine” уюшмаси томонидан ташкил этилган.
Намойишчилар “Фаластин учун юриш қилинг! Геноцидни тўхтатинг!", “Болаларимизни ўлдиришни тўхтатинг!" деган шиорлар билан чиқишган.
Маршда “Яшасин Фаластин халқининг кураши!" деган ҳайқириқлар ҳам эшитилади. Юриш Париждаги Республика майдонидан бошланган. Улар 1 февраль куни Европа парламенти олдида митинг қилиш ниятида.
Фаоллар сиёсатчиларнинг эътиборини Ғазодаги ҳалокатли гуманитар вазиятга ва можарога сиёсий ечим топиш зарурлигига қаратишга умид қилмоқда. Намойиш иштирокчилари зудлик билан ўт очишни тўхтатишга, Ғазо сектори блокадасини бекор қилишга, Исроилга қарши санкциялар жорий этишга ва Исроилни Ғазо секторидаги тинч аҳолисига нисбатан қирғинни бас қилишни сўрамоқда.
“Фаластинликларнинг яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилайлик! Исроил ҳукумати жазосиз қолмаслиги керак!", дейди юриш иштирокчиларидан бири.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрь ойи охирларида Лос-Анжелесда Фаластинни қўллаб юзлаб одам кўчага чиққан эди.
LiveБарчаси