Покистон ва Эрон можарони юмшатишга келишиб олди
Олам
−
20 Январь
4388Покистон Ташқи ишлар вазири Жалил Аббос Жилоний Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён билан икки мамлакат ўртасидаги вазиятни юмшатишга келишиб олди. Бу ҳақда Покистон ҳукумати сайтида маълум қилинди.
Баёнотда қайд этилишича, икки давлат терроризмга қарши курашда ишчи даражада ҳамкорликни кучайтириш ва уни мувофиқлаштириш зарурлиги тўғрисида бир қарорга келган.
“Покистон ва Эрон ўртасидаги яқин қардошлик муносабатларини таъкидлаб, Ташқи ишлар вазири Покистоннинг Эрон билан ўзаро ишонч ва ҳамкорлик руҳида ишлаш истагини билдирди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ТИВ раҳбари бу ҳамкорлик мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилишга асосланиши кераклигини таъкидлаган.
“Музокаралар чоғида икки давлат элчиларини ўз пойтахтларига қайтариш масаласи ҳам муҳокама қилинди”, дейилади ҳукумат сайтида.
Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Эрон қуролли кучлари Покистондаги “Жайш аз-Адл” террорчилик гуруҳининг иккита қароргоҳига зарба берганди. Операция давомида дрон ва ракеталардан фойдаланилди. Покистон Ташқи ишлар вазирлиги зарбани қоралаб, уни жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳаво ҳудудининг бузилиши деб атади. Ҳужум оқибатида икки бола ҳалок бўлган.
18 январь куни Покистон Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятининг бир қанча ҳудудларига зарбалар берди. Покистон ТИВ ҳам зарбалардан кўзланган мақсад “террорчиларнинг бошпаналари”ни йўқ қилиш эканини билдирди. Ҳужум оқибатида 10 киши ҳалок бўлди.
LiveБарчаси