Покистон Эрон ҳудудига жавоб зарбаларини берди
Олам
−
18 Январь
12956Покистон Эрон ҳудудига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
"Бугун эрталаб Покистон Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятидаги террорчилар бошпаналарига бир қатор аниқ ҳарбий зарбалар берди. Операция давомида бир қанча жангарилар йўқ қилинди", дейилади ТИВ баёнотида.
Эроннинг “Mehr” ахборот агентлигига кўра, мамлакат жануби-шарқидаги Систон ва Балужистон вилоятида жойлашган Серавон шаҳри яқинида портлашлар содир бўлган.
Покистон ТИВ эса Исломобод бир неча йиллардан бери Эронга “асли покистонлик террорчилар” ўз ҳудудида бошпана бераётганидан хавотир билдирган, бироқ Теҳрон уларга қарши етарлича чора кўрмаган.
“Покистон Эрон Ислом Республикасининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат қилади. Бугунги ҳаракатнинг ягона мақсади Покистоннинг ўз хавфсизлиги ва миллий манфаатларини таъминлаш эди… Халқаро ҳуқуқ доирасидаги қонуний ҳуқуқларимиздан фойдаланган ҳолда Покистон ҳеч қачон ҳеч қандай баҳона ва шароитда ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги шубҳа остига олинишига йўл қўймайди”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрон Покистондаги “Жайш ал-Адл” жангари гуруҳининг икки қароргоҳига ракета ва учувчисиз самолётлари билан зарба берганди. Покистон бу ҳужумни Теҳрон томонидан асоссиз қоидабузарлик, мамлакат суверенитетининг асоссиз ва қўпол равишда бузилиши деб атади ҳамда ўз элчиси Муҳаммад Мудасир Типуни Теҳрондан чақириб олди.
LiveБарчаси