Зеленский Швейцарияда “катталар” билан Украина келажагини гаплашди(фото, видео)
Олам
−
16 Январь
5022Украина Президенти Владимир Зеленский кеча, 15 январь куни Швейцарияга сафар қилди. Бу ҳақда Украина раҳбари ўзининг Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.
Унга кўра, Президент Зеленский парламентнинг ҳар икки палатаси раҳбарлари, партия етакчилари ва Швейцария раҳбари билан учрашган. У Давосда бўлиб ўтадиган Жаҳон иқтисодий форумида иштирок этади. Шунингдек, Зеленский Украина мудофааси ва иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш учун Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари билан муҳим икки томонлама учрашувлар ўтказмоқчи.
“Швейцария Украинага нафақат гуманитар ёрдам беради, балки молиявий томонлама ҳам қўллаб-қувватлайди. Бугун янги узоқ муддатли кўмак дастури муҳокама қилинди”, дейди Украина раҳбари ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Швейцария Президенти Виола Амерд билан учрашган Зеленский, эртадан бошланадиган Глобал тинчлик саммитига юқори даражада тайёргарлик кўргани учун миннатдорлик билдирган.
“Ушбу саммит бизга зарур куч бағишлаши ва урушнинг тугаши фақат адолатли бўлиши ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари бузилмаслигини таъминлаши керак. Швейцария бу борада бизнинг ҳамкоримиз”, дея қўшимча қилган у.
Шунингдек, Зеленский Швейцария Федерал Мажлиси Миллий Кенгаши Раиси Ерик Нуссбаумер, Кантонлар Кенгаши раиси Ева Герцог ҳамда Швейцария Федерал Мажлисининг партия ва фракциялари раҳбарлари ва Люксембург Бош вазири Люк Фриден билан ҳам учрашган.
Зеленскийнинг ташрифи Франция ва Германия Россия билан урушда Украинани қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлаганидан кейин амалга оширилди.
Шунингдек, Украина етакчиси форум давомида Россия томонидан ўғирланган украиналик болаларни қайтариш, санкциялар, Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш йўллари, гуманитар миналардан тозалаш, молиявий ёрдам ва тикланиш масалаларини ҳам муҳокама қилмоқчи.
Куннинг иккинчи ярмида у Давосда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашиб, альянснинг қўллови учун ўз миннатдорлигини билдирган.
“Биз фронтдаги вазиятни муҳокама қилдик. Мен Бош котибни Россиянинг яқинда уюштирган оммавий ҳаво ҳужумлари ҳақида хабардор қилдим ва Украина ҳаво мудофаасини янада кучайтириш зарурлигини таъкидладим”, деган у ўз хабарида.
Қўшимча қилинишича, томонлар G7 Вильнюс декларациясига асосланган Буюк Британия ва Украина ўртасидаги хавфсизлик келишувининг аҳамиятини, фронтдаги вазиятни ва Украина НАТОга аъзо бўлгунига қадар амалда бўладиган бундай ҳужжатлар тўғрисида суҳбатлашган. Бундан ташқари, Вашингтондаги НАТО саммитига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 12 январь Киевга ташриф буюрган Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак Украина Президенти Владимир Зеленский билан биргаликда икки давлат ўртасида тарихий хавфсизлик шартномасини имзолашини айтган эди. Ўтган йили Вильнюсда бўлиб ўтган НАТО саммитида G7 давлатлари Киев учун икки томонлама хавфсизлик кафолати бўйича келишиб олган. Буюк Британия тегишли келишувни имзолаган биринчи давлат бўлди.