Ўзбекистон ва Қозоғистон Ҳукуматлари ўртасида яна бир шартнома имзоланди
Жамият
−
09 Ноябрь 2023
5484Тошкентда бўлиб ўтаётган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ўртасида "Марказий Осиё" Саноат кооперацияси халқаро маркази фаолиятини тартибга солиш тўғрисида Битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, савдо ва саноат вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатни Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Қозоғистон томонидан Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири Арман Шаккалиев имзолаган.
Марказнинг вазифаларига қуйидагилар киради:
• давлатлараро ҳамкорлик алоқалари ва халқаро қиймат занжирларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
• чегара ҳудудлари ишлаб чиқариш базасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
• Марказдаги ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, модернизация қилиш ва саноат корхоналарини рақобатбардошлигини ошириш;
• икки давлат ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва бошқалар.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистонни ўз ичига олган минтақавий давлатлараро иқтисодий тузилмадир. Ташкилот 1985 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг доимий котибиятининг бош қароргоҳи Теҳронда жойлашган.
LiveБарчаси