АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни тўхтатиши керак – Хитой
Олам
−
05 Сентябрь 2023
5330Америка Қўшма Штатлари Шимолий Кореяга нисбатан санкциялар босимини тўхтатиб, Корея ярим оролини ядросизлантиришга нисбатан ўз муносабатини қайта кўриб чиқиши керак. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг брифингда маълум қилди.
"2018 йилдаги музокаралар жараёни АҚШнинг КХДР томонидан кўрилаётган ядросизланиш чораларига тўғри жавоб бермагани сабабли тўхтаб қолди. Қўшма Штатлар хатолари ҳақида ўйлаши, масалага масъулият билан ёндашиши, санкциялар ва ҳарбий тўсиқларни тўхтатиши, аммо мулоқотни давом эттириш бўйича аниқ чоралар кўриши керак”, деган Хитой ТИВ расмий вакили.
Қайд этиш жоизки, 2018 йилнинг июнь ойида Сингапур тарихда илк бор АҚШ ва КХДР саммитига мезбонлик қилган ва унинг якунида қўшма ҳужжат қабул қилинган. Шундан сўнг Пхеньян Вашингтондан хавфсизлик кафолатлари эвазига Корея ярим оролини ядросизлантириш мажбуриятини олган. 2019 йилнинг 27-28 февраль кунлари эса Вьетнамда КХДР-АҚШ иккинчи саммити бўлиб ўтган. Ўшанда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп ва Ким Чен Ин бир неча учрашувлардан сўнг келишувга эриша олмаган ва қўшма ҳужжат имзоламаган.
Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан Шимолий Кореяга нисбатан жорий қилинган санкциялар қаторига табиий газ таъминотига эмбарго ва қайта ишланган нефть маҳсулотлари экспортини чеклаш каби кўплаб чоралар киради. Шунингдек, мамлакатдан денгиз маҳсулотлари, тўқимачилик, кўмир, темир рудаси, бошқа хом ашё ва фойдали қазилмалар сотиб олиш, ишчи кучини экспорт қилиш тақиқланган. Тахминларга кўра, ушбу чекловларнинг барчаси КХДРни хом ашё ва товарлар экспортидан келадиган даромаднинг 90% дан кўпроғидан маҳрум қилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ G7 давлатлари, Европа Иттифоқи ва яна уч давлат (Австралия, Жанубий Корея, Янги Зеландия) Хитойдан Шимолий Кореяга БМТ санкцияларидан қочишга, хусусан, Хитой ҳудудий сувларидан фойдаланишга ёрдам бермасликни сўраганди.
LiveБарчаси