Мирзиёев Фарғонада узумзорларни айланди (фото+видео)
Жамият
−
27 Июль 2023
19944Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти, ҳудудлар иқтисодиёти билан танишиш мақсадида бугун, 27 июль куни Фарғона вилоятига борди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент вилоятнинг Олтиариқ туманидаги 2020 йилда “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги томонидан 75 гектарда ташкил этилган узумчилик плантациясини бориб кўрган.
Бу узумзорда “хусайни”, “келинбармоқ”, “ризамат”, “мерседес” каби узум навлари етиштириб келинади. Улар келгуси йилдан тўлиқ ҳосилга кириши ва жами 3 минг тонна узум етиштирилиши таъкидланган.
Олдинлари бу майдонда пахта экилиб, ўртача 25 центнердан ҳосил олинган. Энди узумнинг нархи билан солиштирганда, бир гектардан даромад қарийб 10 баробар ошган.
Яна бир муҳим томони, фермер хўжалигида мавсумий юмушлар билан бирга 700 кишининг бандлиги таъминланган. Улар кунига 200 минг сўмгача иш ҳақи олмоқда.
Президент ёшларга ва ишсиз фуқароларга узум парваришини ўргатиб, улар билан кооперация асосида узум етиштириш, бунга чет эллардаги мамлакат фуқароларини ҳам жалб этиш зарурлигини таъкидлаган.
Боғда, шунингдек, олма, гилос ва ўрик кўчатлари, қатор ораларига тарвуз, қовун, помидор, қалампир, булғор қалампири ва бошқа сабзавотлар экилган.
Боғ ёнида 2 минг тонна сиғимга эга бўлган совуткичли омбор қурилган. Бу ерда маҳсулотлар сақланиб, сараланиб, Туркия ва МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади.
Давлат раҳбари мамлакатда иқлими узумчиликка мос туманлар кўплигини таъкидлаб, уларда ҳам Олтиариқ тажрибасини жорий қилиш, токзорларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 июль куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги Хастимом маҳалласида аҳоли хонадонларида меҳмон бўлган эди.