“Россия Мудофаа вазирлиги икки бор “Вагнер”ни йўқ қилмоқчи бўлган” – Пригожин
Олам
−
13 Июнь 2023
13872“Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин Россия Мудофаа вазирлиги ҳозиргача икки марта мазкур компанияни йўқ қилишга уринганини маълум қилди. Бу ҳақда “Медуза” хабар берди.
Пригожиннинг айтишича, “Вагнер”ни йўқ қилиш учун сўнгги уриниш Бахмут жангларида унинг ўқ-дориларсиз қолдирилиши бўлган.
“Бу қандайдир аралашиш эмас, жисмонан йўқ қилишга қаратилган қасддан қилинган ҳаракат эди. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам”, дейди у.
Пригожинга кўра, унинг ҳарбий компаниясини йўқ қилишга қаратилган биринчи ҳаракат 2018 йилнинг 8 февралида Сурияда амалга оширилган. Ўшанда “Вагнер” мамлакатдаги Conoco нефть конлари ва заводи ҳудудидаги ИШИД позицияларига ҳужум қилган, бироқ Америка авиациясининг ҳаракати оқибатида катта зарар кўрган. Бу ҳолатда эса Россия Мудофаа вазирлиги АҚШнинг ҳаво зарбаси ҳақида олдиндан била туриб, уни огоҳлантирмаган. Бундан ташқари, унинг таъкидлашича, америкаликлар бу бўйича Россия Мудофаа вазирлиги билан бир неча марта боғланган ва уларда қўшинларни зарба ҳудудидан олиб чиқиш учун етарлича вақт бўлган. Бироқ, вазирлик авиазарба ҳақида хабар бермаган ва аксинча, Бош штаб авиацияни ишга солмаслик ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ўчириб қўйиш тўғрисида топшириқ берган.
Пригожиннинг сўзларига кўра, у ўша куннинг эртасига Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашиш учун Москвага учиб кетган.
“Мен уни Кремлдаги тантанали зиёфатда тутдим. Унинг олдига бориб: “сиз билан 8 февраль куни Дайр-аз-Зор яқинида содир бўлган вазият ҳақида гаплашсам бўладими?”, деб сўрадим. У ўгирилиб, хотиржам ва такаббурлик билан жавоб берди: "Сиз қаҳрамон бўлишни хоҳладингизми? Улар қаҳрамонлик кўрсатишди. Ҳамма қаҳрамонлар ҳозир шу ерда, мана шу залда”, дея қўлини қимматбаҳо костюм кийганлар тарафга қаратди ва “сиз шунчаки соҳилларни адаштириб қўйдингиз”, деди. Шу билан суҳбат тугади”, дея эслайди Пригожин.
“Путиннинг ошпази” Россия Мудофаа вазирлиги бу ишларни “Вагнер”га ҳасад қилгани учун амалга оширганини айтган. Шунингдек, у ҳарбий тузилмани йўқ қилиш истаги Шойгунинг шахсияти билан боғлиқ эканини қўшимча қилган.
“У ўзидан яхшироқ иш қиладиган ҳеч кимга тоқат қилмайдиган одам. Шунинг учун ҳамма бориб унинг товонини ялаши керак ва “Вагнер” ҳеч қачон бундай қилмаган”, дейди Пригожин.
Эслатиб ўтамиз, Пригожин ва Шойгу ўртасидаги зиддиятли муносабатлар кеча бошланган ҳолат эмас. Яқинда Пригожин Бахмутда ҳалок бўлган ёлланма аскарларни тасвирга олиб, жангчиларга ўқ-дори мутлақо етишмаётгани, улар бекорга тайёр “гўшт”га айланиб қолаётганини таъкидлаган, ҳатто, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳамда Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимовларнинг номига “таржима қилиб бўлмайдиган” сўзларни ёғдирганди.
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь