Тошкентда электробус билан яна ЙТҲ содир бўлди. Бу сафар қурбон бор
3-саҳифа
−
06 Июнь 2023
12995Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида Yutong русумли электробус ҳамда Cobalt русумли автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа бугун, 6 июнь куни соат 15:20 ларда Мирзо Улуғбек тумани Дўрмон йўли - Ғазалкент кўчалари кесишган чорраҳада юз берган. 1958 йилда туғилган Л.С. бошқарувида бўлган Yutong русумли электробус ҳамда 2003 йилда туғилган Й.Ф. бошқарувидаги Cobalt русумли автомашина тўқнашган.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Cobalt автомашина ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари оқибатида тиббий муассасага олиб борилган. Бироқ тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатларига қарамай Й.Ф. вафот этган. Шунингдек, Cobalt автомашинисининг 1 нафар йўловчиси олган тан жароҳатлари сабабли шифохонага ётқизилган. Ҳозирда у шифокорлар назоратида эканлиги айтилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 июнь куни Тошкент шаҳар Яккасарой туманида электробус Lacetti ва Malibu автомашиналари билан тўқнашиб кетган эди.