Италияда банан қутилари орасига яширилган қарийб уч тонна кокаин топилди
Олам
−
16 Май 2023
4667Италияда Европанинг энг қудратли уюшган жиноий гуруҳларидан бирига тегишли тахминий қиймати 880 миллион долларга баҳоланган 2,7 тонна кокаин мусодара қилинди. Бу ҳақда “Dw.com” хабар берди.
Маълум қилинишича, Италиянинг Калабрия шаҳри полицияси портлардан биридан контрабанда йўли билан олиб келинган 2,7 тонна кокаиннинг Арманистонга олиб кетилишига чек қўйган.
Мазкур операция ҳудудда Ндрангҳета уюшган жиноий гуруҳини заифлаштиришга қаратилган гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш тадбирлари давомида амалга оширилган.
Хабарларга кўра, гиёҳванд модда юкланган банан контейнерлари Эквадордан олиб келинган ва Грузиянинг Батуми шаҳри орқали Арманистонга етказиш мақсад қилинган. Кокаин партияси махсус сканер ҳамда Жоэл лақабли искович ит томонидан топилган.
Полиция сўнгги бир неча кун ичида яна 600 килограмм гиёҳванд модда топилганини маълум қилган.
Ндрангҳета гуруҳи Европадаги энг йирик ва қудратли жиноий синдикат бўлиб, у ўнлаб йиллар давомида Жанубий Америкадан Европага миллиардлаб евролик кокаин ташиш билан шуғулланган ва бу бўйича Сицилия мафиясини ҳам ортда қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италияда жиноий гуруҳнинг икки аъзоси англашилмовчилик сабаб бир йигитни ўлдириб, кислотада эритиб юборгани учун умрбодга қамалиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси