ЖССТ бутун дунё аҳолисига “Док-1 Макс” ва “Амбронол” бўйича огоҳлантириш билан чиқди
Саломатлик
−
12 Январь 2023
6296Жорий йилнинг 11 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё аҳолисини “Док-1 Макс” ва “Амбронол” суюқ дориларидан сақланишга чақирди.
ЖССТ бу дорилар бошқа мамлакатларда ҳам расман сотилаётган ёки норасмий бозорлар орқали кириб борган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, дунё миқёсида соғлиқни сақлаш бўйича барча регуляторларни мазкур дорилар айланмасининг олдини олишга чақирган. Бу дорилар сотуви аниқланган мамлакатлардан бу ҳақда ЖССТга хабар бериш сўралмоқда.
Бугунги кунга қадар уларни ишлаб чиқарувчи “Marion Biotech” компанияси ЖССТга ушбу маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифати бўйича кафолат бермаган.
Ўзбекистон ЖССТга ушбу дори воситалари бўйича огоҳлантиришни 2022 йил 22 декабрда маълум қилган.
ЖССТнинг таъкидлашича, текширувлар натижасида иккала дори воситаси таркибида диэтилен гликоль ва этилен гликоль мавжудлиги аниқланган бўлиб, булар инсон ҳаёти учун хавфли моддалар ҳисобланади. Истеъмол қилинганда ўлимга олиб келиши мумкин.
“Ушбу огоҳлантиришда кўрсатилган сифатсиз маҳсулотлар хавфли ва улардан фойдаланиш, айниқса болаларда жиддий шикастланиш ёки ўлимга олиб келиши мумкин. Заҳарланиш аломатларига қорин оғриғи, қусиш, диарея, бош оғриғи, руҳий ҳолатнинг ўзгариши ва ўлимга олиб келадиган ўткир буйрак шикастланиши киради”, дейилади ЖССТ хабарида.
Шунингдек, инсонлардан ўзлари ёки яқинлари ушбу дори воситаларидан фойдаланганидан сўнг ножўя таъсирлар сезилса, зудлик билан шифокорга учрашиши ва ҳолат ҳақида миллий фармакологик марказларга хабар беришлари сўралган.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди. Наманганда хаи “Док-1 Макс” дорисини қабул қилган бола вафот этди. Ҳозирда ушбу доридан вафот этган болалар сони 20 тага етди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди. Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 9 нафар бола “Док-1 Макс”дан заҳарлангани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси