Европадан Тўқаев оиласининг махфий бойликлари топилди
Олам
−
21 Февраль 2022
23106Швейцариянинг энг йирик Credit Suisse банкининг мижози бўлган ўнлаб тадбиркорлар ва амалдорларнинг маълумотлари ошкор қилингани ҳақида хабар берган эдик. Улар орасида амалдаги Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг собиқ рафиқаси Надежда Тўқаева ҳамда унинг Женевадаги элита мактаб-интернатда таҳсил олган ўғли Тимур Тўқаев ҳам бор. Бу Коррупция ва уюшган жиноятчиликни ўрганиш маркази (ОCCРП) томонидан тақдим этилган Credit Suisse тадқиқоти маълумотларида кўрсатиб ўтилган.
Маълумотларда айтилишича, 1998 йилда Credit Suisse Тўқаевнинг ўша пайтдаги рафиқаси Надежда ва уларнинг Женевадаги мактаб-интернатда ўқиган 14 ёшли ўғли Тимур учун ҳисоб очган. 2005 йилда ҳисобда бир миллион долларга яқин пул қайд этилган. Ҳисобни ёпгач, Тўқаевлар 2012 йилда Швейцарияда ўз ҳисоб рақамларига эга Британия Виржиния оролларида офшор компаниялар очган. Бу фирмалар Британияда 2014 йилда активлари беш миллион долларни ташкил этган компанияларни назорат қилган. Шунингдек, Москва ва Женевада камида 7,7 миллион долларлик мулк сотиб олинган.
Бугун, 21 февраль куни Қозоғистон Президентининг Матбуот котиби Берик Уали ўзининг Facebook’даги саҳифасида Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Швейцария банкидаги оилавий ҳисоблари ва хорижий кўчмас мулклари ҳақидаги хабарларни сохта ва давлат раҳбарига ҳужум деб атади.
“Қосим-Жомарт Кемелевичнинг собиқ рафиқаси ҳеч қачон нашрда кўрсатилган ҳисоб рақамларига эгалик қилмаган. Тимур Тўқаевга келсак, у 38 ёшда, тадбиркорлик билан шуғулланади, ҳеч қачон давлат хизматида ишламаган”, деди Матбуот котиби.
Уалининг сўзларига кўра, давлат раҳбарига қилинган бу сохта ахборот ҳужуми орқали уни обрўсизлантириш мақсад қилинган.
“Давлат раҳбарига қилинган бу сохта ахборот хуружи орқали уни обрўсизлантириш мақсад қилинган, чунки Президент иқтисодиёт ва сиёсатдаги монополияни чеклаш, кимгадир ёқмаслиги мумкин бўлган ислоҳотларни амалга ошириш йўлида шижоат билан ишламоқда”, дея хулоса қилган у.
Эслатиб ўтамиз, “Credit Suisse сирлари” – дунёдаги энг йирик ва энг бой банклардан бири ҳақида халқаро текширув.
Маълумотларга кўра, 39 мамлакатдаги 48 нашрнинг 163 нафар журналисти бир неча ой давомида Швейцариянинг кредитлар бўйича иккинчи йирик банки Credit Suisse’дан ҳисоб маълумотлари сизиб чиқишини ўрганишган.
Сиздирилган маълумотларда 18 мингдан ортиқ ҳисоб қайдномалари мавжуд бўлиб, уларнинг умумий миқдори 100 миллиард доллардан ошган. Бу йирик Швейцария банкидан мижозлар маълумотларининг сизиши билан боғлиқ ягона ҳолат.
LiveБарчаси