Ўзбекистон хаста – Алишер Қодиров

Интервью

“Ўзбекистоннинг бугунги кундаги ҳолати на иқтисодий, на сиёсий жиҳатдан мақтангулик эмас. Бугун Ўзбекистонни бошқариш учун жуда ҳам жиддий таффакурга эга бўлган инсон бўлиши шарт”. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” партияси раиси – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида сўз очди. 

Маълумки, жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистонда йирик сиёсий воқелик – Президент сайлови бўлиб ўтиши, унда беш партия – ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш” ДП, “Адолат” СДП, Халқ демократик партияси ва Экологик партия номзод кўрсатиши кутилмоқда. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров QALAMPIR.UZ билан суҳбатда Ўзбекистонга қандай раҳбар кераклиги ҳақида гапирди. 

“Ҳақиқатан, бугун мураккаб бурилишларнинг борлиги аён ва бундай мураккабликлар бизни келажакда ҳам кутяпти. Ўзбекистон бугун шундай бир ҳолатдаки, оёғи боғлиқ, лекин югуриши керак. Жойида туриб қолиши ҳам мумкин эмас. Бугун биз азалдан шаклланиб қолган геополитик тугунларнинг ўртасида турибмиз. Буларнинг барчаси халққа ва қадриятларимизга зарар етказмайдиган моҳирона ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий ечимлар истайди. Лекин бу ҳақиқатан жудаям оғир жараён.

Яширмайман, сайлов ҳақида биринчи гапирила бошланганда ўзимизнинг сиёсий партия аъзолари томонидан “Келинглар, номзод кўрсатмаймиз, амалдаги Президентни қўллаб қўяверамиз”, деган таклифлар ҳам бўлганди. Лекин партиямизнинг ичида ватанпарвар, Ўзбекистондаги муаммоларнинг ечимларини кўра олаётган кўплаб аъзоларимиз бор ва биз “Йўқ, биз сайловда иштирок этамиз ва ўз ечимларимизни таклиф қиламиз”, деган қарорга келдик. Негаки, бугунги кундаги амалга оширилаётган ишларнинг қанчалик ичидамиз ёки ўша муаммоларни қанчалик ичидан кўра олишимизни яшириб ўтиришнинг ҳожати йўқ”, дейди Қодиров.

Ўзбекистон нафақат ички, балки ташқи муаммолар ўртасида турибди. Айниқса, минтақадаги беқарор вазият Марказий Осиё марказидаги Ўзбекистонга ҳам таъсир ўтказмай қолмайди. Айтайлик, Афғонистонда “Толибон” ва Ҳукумат ўртасида давом этиб келаётган муросасизлик Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқалари қаторида, хавфсизлигига ҳам таҳдид бўлиши мумкин. Хўш, бугун партиялар Президентликка илгари сурадиган номзодлар бундай муаммолар қаршисида бош қашлаб қолмайдими? Уларнинг бундай оғир муаммолар ечими бўйича аниқ таклифлари борми? Улар вазиятнинг аҳамиятини фарқлайдими? Қодиров ушбу саволга қуйидагича жавоб берди:  

“Хабардорлик даражаси бўйича ҳокимиятнинг маълум бир ахборот манбаларига бўлган имкониятига ҳамма ҳам эга эмас. Масалан, ҳокимият Афғонистон бўйича бизнинг ахборот олиш манбамиздан кўра бир неча маротаба кучлироқ бўлган манбаларга эга. Ёки Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги муносбатларни. Улар бу ҳолатни биздан кўра яхшироқ билади. Партияларнинг таҳлил қилиш, мушоҳада қилиш, ўрганиш масалаларида имконияти бўлиши учун улардан куч бўлиши керак. Партияларда бугун куч борми? Халқаро даражадаги муаммоларни таҳлил қила оладиган институтлар борми?  Албатта, йўқ. Партияларнинг бугунги кундаги молиявий ҳолати сиз ўйлаган даражада эмас. Халқаро масалаларни ҳал қилиб, ўзининг аниқ ечимларини таклиф қилишига ҳали вақт бор. Лекин, бугунги кундаги бизнинг ҳаракатларимиз шу йўналишда кетмоқда. Мен айтмоқчи бўлган нарса шундан иборатки, Ўзбекистонни ҳақиқатан ҳам бугунида ва эртасида жуда мураккаб таҳдидлар кутяпти. Партиянинг бу бўйича ечимга ўз таклифлари бор ва биз кўрсатадиган номзод бу ечимларни халққа тақдим этади”.

Партия раиси сўзида давом этаркан, “Миллий тикланиш” илгари сураётган ечимлар кўпчиликка ёқмаслиги мумкинлигини ҳам урғулади.  

“Биз таклиф қилаётган ечимларимиз ҳаммага ҳам ёқавермаслиги мумкин, чунки улар аччиқ ечимлар. Дардни енгишимиз учун биз, албатта, аччиқ дорилар ичишимиз керак. Ўзбекистон бугунги кунда хаста. Буни тан олишимиз керак. Айрим масалалар бўйича биз кординал ўзгаришлар қилишга мажбурмиз. Буни босқичма-босқич, секин-аста қилишга вақт қолмаяпти. Биз деярли ҳар куни авлод йўқотяпмиз”. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров билан тўлиқ интервьюни қуйида ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров Миллий тикланиш

Баҳолаганлар

579

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг