Хитой Беларусни Европа Иттифоқи санкцияларидан ҳимоя қилиб чиқди
Олам
−
22 Июнь 2021
5911Хитой ҳукумати Европа Иттифоқининг Беларусга қарши бир томонлама санкциялар пакетига қарши. Бу ҳақда бугун, 22 июнь куни Хитой Халқ Республикаси ТИВ расмий вакили Чжао Лицзянь маълум қилди.
“Биз халқаро муносабатларда таҳдидлар ва бир томонлама санкцияларни қўллашга қатъий қаршимиз. Хитой Беларусь ички ишларига ташқи кучларнинг аралашувига қарши”, дейди Чжао Лицзянь.
Хитой дипломатининг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи Беларусь суверенитети ва унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини ҳурмат қилиши керак.
“Беларусь халқи ўз кучи билан мамлакатнинг сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашга қодир эканига ишонамиз. Халқаро ҳамжамият эса ушбу масалада ўзининг конструктив ролини ўйнайди, деб умид қиламиз”, дея хулоса қилди у.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги кенгаши кеча, 21 июнь куни Беларусь иқтисодиётининг еттита соҳасига қарши иқтисодий санкцияларни жорий этиш тўғрисида келишувга эришди. Европа Иттифоқи дипломатиясининг бошлиғи Жозеп Боррелнинг таъкидлашича, Минскка қарши чораларни муҳокама қилиш жорий йилнинг 24-25 июнь кунлари иттифоқ давлатлари раҳбарларининг йиғилишида давом этади.
Қайд этиш керакки, Европанинг Беларусга қарши санкциялари тўртинчи тўплами мамлакатнинг 86 жисмоний ва юридик шахсларига қаратилган. Ушбу тўплам 2021 йилнинг бошида тайёрланган. Бироқ Ryanair самолётининг Минск аэропортига мажбурий тарзда қўндирилгани ва мухолиф блогер Роман Протасевичнинг Беларусь махсус хизматлари томонидан ҳибсга олингани санкциялар тўпламининг амалиётга тадбиқ қилинишини тезлаштириб юборди.
Таъкидлаш керакки, ўз навбатида Россия ҳам Беларусга санкциялар жорий қилинадиган бўлса, Москва қараб турмаслигини маълум қилганди.
Беларусда ички сиёсий муҳитнинг бузилиши
Сўнгги вақтларда Беларусда ички сиёсий мувозанат бузилган. Бунинг илдизи 2020 йилнинг август ойида мамлакатда бўлиб ўтган президентлик сайловларига бориб тақалади. Сайлов натижаларига кўра, 80 фоиз овоз билан Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенко ғалаба қилди. Бироқ ушбу натижалар аҳолининг катта қисмида шубҳа уйғотди ва мухолифатнинг чақируви билан мамлакатда намойишлар бошланди. Бир неча ой давом этган митинг ва маршлар ҳеч қандай фойда келтирмади. Лукашенко ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Мухолифат ҳамда унинг кўплаб тарафдорлари эса Польша, Литва каби Европа давлатларига қочиб кетди ва у ердан сиёсий бошпана топди.
Ryanair билан боғлиқ ҳолат
Ушбу воқеаларнинг давоми сифатида яқинда юз берган яна бир ҳолат жаҳон ҳамжамиятининг кенг муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Бу 23 май куни Грециянинг Афинасидан Литванинг Вильнюс шаҳрига учиб кетаётган “Ryanair” авиакомпаниясининг самолёти Минскга қўндирилиши билан боғлиқ.
Маълум бўлишича, самолёт бу вақтда Беларусь осмонида парвоз қилаётган бўлган ва мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларига қарашли МиГ-29 қирувчиси йўловчи самолётининг мажбурий тарзда қўндирилишини таъминлаган. Расмийлар бундай фавқулодда ҳаракатга самолётда бомба борлиги ҳақидаги хабарни сабаб қилиб кўрсатди. Кейинчалик, бу хабар ўз тасдиғини топмади.
Маълум бўлишича ушбу самолёт бортида бомба эмас, Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган журналист Протасевич бўлган ва у дарҳол ҳибсга олинган.
Нега журналист Протасевич Беларусда терроризмга алоқадорлар рўйхатига киритилган?
Гап шундаки, Протасевич бош муҳаррирлик қилган Nexta Telegram канали 2020 йилнинг ёзида Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг бошланган ва бир неча ой давом этган норозилик намойишларини ёритган ва оммани унда қатнашишга чорлаган.
Қайд этиш керакки, Nexta Telegram канали Беларусда экстремистик, деб топилган.
Протасевич эса Беларусда “оммавий тартибсизликлар уюштириш”да (бу учун 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин) ва “гуруҳ бўлиб жамоат тартибини қўпол равишда бузганлик”да (уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин) айбланмоқда.
Бундан ташқари, унга нисбатан касбий мансублиги асосида “ижтимоий адоватни қўзғатишга қаратилган хатти-ҳаракатларни қасддан содир этиш бўйича жиноий иш қўзғатилган (энг юқори жазо 12 йил).
“Ryanair” воқеасидан сўнг Литва Беларусдан самолётларни қабул қилишни тўхтатди, Европа Кенгаши Европа Иттифоқи мамлакатларига “Белавиа”нинг барча парвозларини тақиқлашни буюрди, шунингдек, Буюк Британия ҳам “Белавиа”нинг парвозларига рухсатни тўхтатди.
Европанинг Франциянинг “Air France”, Латвиянинг “airBaltic” Голландиянинг KLM, Скандинавиянинг SAS, Венгриянинг “Wizz Air”, Германиянинг "Lufthansa", Финляндиянинг "Finnair" авиакомпанияси Беларусь ҳаво ҳудудидан фойдаланмаслигини маълум қилди. Шунингдек, Украина 26 май ярим тундан бошлаб Беларусь билан парвозларни расмий равишда тўхтатди.
LiveБарчаси