Ўзбекистонда биологик қурол ишлаб чиқарувчи лабораториялар борми? ТИВ муносабат билдирди
Жамият
−
22 Июнь 2021
11861Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирилиги мамлакатнинг Ғарб давлатлари билан биохавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлиги гўёки яқин жойлашган давлатлар учун хавф туғдираётгани борасидаги асоссиз баёнотлар тарқалаётганини таъкидлаб, ўз муносабатини билдирди.
“Бир қатор ОAВда Ўзбекистондаги мавжуд лабораторияларнинг гўёки биологик қурол ишлаб чиқаришга мўлжалланганлиги тўғрисида тарқалаётган маълумотларнинг мутлақо ҳақиқатга тўғри келмаслигига эътибор қаратамиз.
Шуни таъкидлаш керакки, ушбу лабораториялар фақат диагностик тадқиқотлар ўтказиш ва тинчлик мақсадларидагина фойдаланиш учун мўлжалланган”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Бактериологик ва токсик қурол-яроғларни тақиқлаш тўғрисидаги Конвенсия иштирокчиси сифатида биологик қурол-яроқларни ишлаб чиқариш ва тўплашнинг тақиқланишини таъминлайди.
“Ўзбекистонга нисбатан билдирилган ҳар қандай асоссиз баёнотлар икки томонлама муносабатларда муайян кескинликни келтириб чиқаради ва, энг муҳими, ўзаро ишончга асосланган давлатлараро мулоқотга зарар етказади, деб ҳисоблаймиз”, дея якунланади ТИВ баёноти.
Эсатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати, “Роспотребнадзор”нинг собиқ раҳбари ҳамда эпидемиолог Геннадий Онищенко ОАВга берган интервьюсида Ўзбекистонда ва қатор МДҲ давлатларида АҚШнинг биологик лабораториялари борлиги, у ерда юқори малакали ҳарбий биологлар фаолият юритишини айтиб ўтганди. Россиялик депутат америкалик мутахассислар табиий вирус ўчоқларини ўрганаётгани ва штаммларни экспорт қилиш билан машғул эканини иддао қилганди.
LiveБарчаси