Россия депутати Ўзбекистонда АҚШнинг биологик қуроллар ишлаб чиқарувчи лабораторияси борлигини айтмоқда
Олам
−
18 Май 2021
28604Қаттиқ назоратнинг йўқлиги собиқ СССР республикалари ҳудудида АҚШнинг биологик лабораторияларининг пайдо бўлишига олиб келди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати, “Роспотребнадзор”нинг собиқ раҳбари ҳамда эпидемиолог Геннадий Онищенко “Sputnik” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Геннадий Онищенконинг таъкидлашича, АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан молиялаштириладиган бундай биологик лабораториялар ҳозирда Озарбайжон, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Украина ва Ўзбекистонда фаолият юритмоқда. Россия ушбу марказларда хавфли инфекцияларни ўрганиш ниқоби остида биологик қуроллар ишлаб чиқарилаётганидан хавотирда.
“Ушбу лабораторияларда юқори малакали ҳарбий микробиологлар ишлайди. Албатта, улар грузин ёки озарбайжон болаларини ҳимоя қилиш учун у-бу нарса устида ишламайди. Улар табиий вирус ўчоқларини ўрганмоқда ва штаммларни экспорт қилиш билан шуғулланади. Уларнинг вазифаси оддий – маҳаллийга осонликча айланиши мумкин бўлган юқори юқумлилик даражасига эга бўлган штаммларни яратиш”, дейди у.
Депутатнинг сўзларига кўра, Россияда айниқса Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳри яқинида жойлашган Марказий лаборатория жиддий ташвиш туғдирмоқда. Ушбу муассаса энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган ва Пентагоннинг Марказий Осиёдаги илмий тармоғининг бир қисмидир.
Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлат мудофаа саноатига қарашли лабораториялар борлиги ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот мавжуд эмас. Шундай экан Россия депутатининг юқоридаги баёнотларини провакациядан бошқа нарса дейиш мушкул.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг 2018 йилда қабул қилинган Мудофаа доктринаси, мамлакат Конституцияси ва 2012 йилда қабул қилинган мамлакат ташқи сиёсат концепциясида “Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий база ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймаслиги белгиланган.
LiveБарчаси