МДҲ ТИВ раҳбарлари бир томонлама санкцияларни қўлламасликка чақирди
Олам
−
07 Октябрь
4330Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари Ташқи ишлар вазирлари халқаро муносабатларда бир томонлама чекловчи чораларни қўллашга йўл қўйилмаслиги тўғрисида қўшма баёнот қабул қилди, унда мамлакатларга уларни қабул қилиш, тарқатиш ва қўллашдан тийилишни тавсия этишди. Бу ҳақда Ҳамдўстлик ижроия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Баёнотда айтилишича, ҳар қандай давлат томонидан бир томонлама чекловчи чоралар қабул қилиниши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларига тўғри келмайди. Давлатларга, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришишга тўсқинлик қилувчи бир томонлама чекловчи чораларни қабул қилиш, тарқатиш ва қўллашдан тийилиш тавсия этилади.
Вазирларнинг таъкидлашича, бир томонлама чекловчи чоралар деганда давлат, гуруҳ ёки давлатлар бирлашмаси томонидан БМТ Низомини бузган ҳолда кўриладиган мажбурлов чоралари, шу жумладан ҳар қандай шаклда – сиёсий, ҳуқуқий, молиявий ёки иқтисодий босим ўтказиш тушунилади. Бошқа давлат сиёсатини ўзгартириш ўша давлатга ва унинг сиёсатини қўллаб-қувватловчиларга зарар ва харажатларга олиб келади.
“Бундай чора-тадбирлар, жумладан, экстерриториал хусусиятга эга бўлган чора-тадбирлар дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни шакллантиришга ёрдам бермайди ҳамда глобал ва минтақавий ривожланиш жараёнларига салбий таъсир кўрсатади”, дейилади хабарда.
Ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, давлат ва хусусий мулк ва активлар бошқа давлат ҳокимияти томонидан бир томонлама чоралар доирасида музлатиб қўйилмаслигини таъкидлади.
Баёнотда, шунингдек, аҳолининг инсонпарварлик эҳтиёжларини қондириш ёки тегишли халқаро шартномаларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилиш орқали давлат аҳолисига салбий таъсир кўрсатадиган ҳар қандай бир томонлама чекловчи чора инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши сифатида баҳоланиши лозимлиги қайд этилган.
“Ушбу тамойилларга риоя қилиш инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга, кўп томонлама жаҳон савдосининг очиқ тизимини ривожлантиришга, шунингдек, маданий-гуманитар алоқалар яхлитлигини сақлашга хизмат қилади”, деб таъкидлади Ижроия қўмитаси матбуот хизмати.
LiveБарчаси