Тошкентлик тадбиркорлар овози Президентга етиб бормагач, реклама баннери орқали мурожаат йўллади
Жамият
−
19 Май 2021
14675Жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида ташқи реклама қурилмаларининг судсиз бузиб ташланиши кун тартибига чиқиб, кўплаб норозиликларга сабаб бўлганди.
Ижтимоий тармоқларда тадбиркорларнинг норозилиги акс этган ўнлаб видеомурожаатлар тарқалди. Бир муддат ўтгач, бу мавзу атрофидаги норозилик ва муҳокамалар сусайган бўлсада, тадбиркорларнинг реклама баннерларини судсиз бузиш ишлари ҳамон давом этяпти.
Реклама баннерлари орқали бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлар судсиз жазолашларга қарши янгича усулда кураша бошлади. Бугунга келиб, шаҳардаги бир нечта реклама баннерларига қуйидаги гаплар ёзиб қўйилди:
"Ушбу реклама қурилмаси фақат суд қарори асосида демонтаж қилиниши мумкин. Ҳурматли Президентимиз, бизга ёрдам беринг!"
Мулки судсиз қурбон қилинишидан хавотирда бўлган “Leader print” МЧЖ вакили Билол Абдумаликов QALAMPIR.UZ’га йўллаган мурожаатида бўлаётган ишлар қонунга зид эканини айтиб, бундай қонунсизликка қарши қандай курашишларини билмай, бошлари қотганини маълум қилди.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, пойтахт бўйлаб унинг 30 та ташқи реклама объектлари ўрнатилган ва у тирикчилик манбаи бўлган баннерлар қачон бузилар экан деган хавотир билан яшамоқда.
Қайд этиш керакки, тадбиркорларнинг реклама баннерлари бузилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил – Бизнес-омбудсман, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда жамоатчилик вакиллари муносабат билдирди.
Бизнес-омбудсман ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказилаётганини, қўмита эса пойтахтдаги реклама баннерларининг 50 фоизга яқинида камчилик аниқланганини маълум қилди.
Шунингдек, қўмита Тошкентда ўрнатилган ташқи реклама объектларини тартибга келтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларда қатнашаётган барча иштирокчиларидан ишларни қатъий равишда “Реклама тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори талаблари асосида ўтказишни, ташқи реклама объектлари шаҳарлар, шу жумладан пойтахт Тошкентнинг ташқи меъморий қиёфаси сақланишига, шаҳарсозлик меъёрларига ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминланишига ҳамда реклама тўғрисидаги қонун талабларига зид амалга оширмасликка чақирди.