Тошкентда Ортиқхўжаев бошчилигида аҳоли муаммолари ўрганилди

Жамият

image

Тошкент шаҳридаги оммавий қабуллар ҳафталиги доирасида пойтахт секторлари раҳбарларининг сайёр қабули ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевдан тортиб, Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиевгача иштирок этди.

Тошкент шаҳар 2-сектори раҳбари 53 нафар мурожаатчининг ариза-шикоятлари ва таклифларини тинглаб, ҳар бир масалага қонуний-адолатли ечим топишни ўз зиммасига олди. Дейлик, Дадабек Норқулов каби яна 8 нафар мурожаатчи пойтахтда жойлашган корхоналардан биридан 49,3 млн сўмдан зиёд иш ҳақларини ундириб беришда амалий ёрдам сўради. Бу мурожаат ўн кун ичида ўрганилиб, ижобий ҳал қилиб бериладиган бўлди.

Хусусий корхона раҳбари Баҳром Носировнинг масъулияти чекланган жамиятлардан биридан кредит қарздорлигини ундириш масаласидаги мурожаатини ҳал қилиб бериш бўйича ҳам 10 кун муддат белгилаб олинди.

Мирободлик Абдуманноп Абдумурсаловнинг тергов ҳаракатларидан норозилик билдирган мурожаати ҳам назоратга олинди.

Олмазор тумани Ўрол Тансиқбоев кўчасидаги кўп қаватли 23-уйда яшовчи аҳоли вакиллари Тошкент шаҳри 3-сектори раҳбарига ўзлари яшаётган уйларга хизмат кўрсатувчи ширкат фаолиятидан шикоят қилди. Айтилишича, ширкатга кўп қаватли уйларнинг томни таъмирлаш учун кредит ажратилган бўлса-да, ишлар чала қолиб кетган. Камига бажарилган ишлар учун насияга олинган қурилиш материаллари ва усталарнинг хизмат ҳақларини беришда ҳам муаммолар бор. 3-сектор раҳбари бу масалани тўлиқ ўрганиб, муаммони қонуний-адолатли ҳал қилиб беришни ўз зиммасига олди.

Тошкент давлат шарқшунослик университети битирувчиси Акбар Худойбердиев эса ўз мурожаатида ички ишлар тизимида ишлаш ниятида эканини билдириб, шу масалада амалий ёрдам сўради. Унга пойтахт маҳаллаларидан биридаги бўш турган профилактика инспектори вазифаси таклиф этилди.

Оммавий қабул доирасида Президент виртуал қабулхонасига фуқаролик масаласида мурожаат қилган қатор юртдошларимизнинг чорак асрлик орзулари ҳам ушалди. Уларга давлатимиз раҳбари фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспортлари топширилди.

Юнусободлик Гулнора Ҳошимова паспортининг амал қилиш муддати ўтган, ҳеч қаерда рўйхатда турмайди. 61 ёшли бу аёл ҳужжатларидаги муаммо туфайи ҳали ҳануз нафақага ҳам чиқмаган. Тошкент шаҳри 4-сектори раҳбари Гулнора опанинг мурожаатини тинглар экан, бу муаммога комплекс ечим топиб берди. Дастлаб улар Юнусободнинг Посира маҳалласидаги кўп қаватли 5- “а” уйдан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида турар-жой билан таъминланадиган бўлди. Шу асосда аёл мазкур жойда доимий рўйхатга қўйилади, сўнг унинг нафақага чиқиш билан боғлиқ масалалари ҳал қилиб берилади.

Яккасаройлик 65 ёшли Вали ота Алимов ҳам 4-сектор раҳбаридан кўзини даволатишда амалий ёрдам сўради. Отахоннинг кўз хасталиги кучайиб, кўриш қобилияти сусаймоқда, бироқ жарроҳлик амалиёти ўтказишга имконияти йўқ. Бу масала Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси билан бирга шу ерда ўрганиб чиқилгач, отахонга кўз жарроҳлиги амалиётини ўтказиш ва бепул даволаниш учун ордер берилди.

Фарида Норқобилованинг турмуш ўртоғи иқтисодчи мутахассислигига эга бўлса-да, шу пайтга қадар ишсиз эди. Ҳаёт, оила, рўзғор ташвишлари эса оғир юк бўлиб турибди. Аёлнинг мурожаатидан сўнг унинг турмуш ўртоғи солиқ тизимига ишга қабул қилинадиган бўлди.

Эрталаб бошланиб, тунга қадар давом этган оммавий қабулда энг оҳирги мурожаатчигача диққат билан тингланиб, дарду-ташвиши эшитилган, уларни ҳал этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланган. Бундай ариза ва шикоятлар ижроси Халқ қабулхоналари назоратига олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Сайёр қабул

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг