“Мен норозиман”. Адвокатлар палатаси раиси қонундаги ўзгартириш бўйича кескин фикр билан чиқди
Жамият
−
25 Март 2020
13842Аввалроқ, Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунга прокурор санкцияси билан адвокатларнинг телефон сўзлашувлари “тингланиши” бўйича ўзгартириш киритиш маъқуллангани ҳақида хабар берган эдик. https://qalampir.uz/n/15972
Ушбу Қонун билан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга ва Жиноят-процессуал кодексга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Ушбу ўзгаришлардан бирида прокурорнинг розилиги билан адвокатнинг телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали амалга ошириладиган сўзлашувлари, узатиладиган хабарлари ва маълумотларини назорат қилинади.
Масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Раиси Алим Эрназаров мамлакатда фаолият олиб бораётган адвокатларга мурожаат қилиб, Сенат томонидан маъқулланган янги тартибга ўзининг кескин эътирозини билдирди.
“Албатта, бугун Сенат томонидан маъқулланган, адвокатлик фаолиятимизга тегишли ўзгаришларга менинг ҳам қатъий эътирозим борлигини билдираман. Бу ҳолатдан, адвокат ва Адвокатлар палатаси Раиси сифатида - норозиман.
Қонун ҳужжатларида, адвокатларга тегишли қонун ҳужжатлари лойиҳаси, Адвокатлар палатаси Раиси томонидан имзоланиши (розилик олиниши) белгиланган. Бирок, қонунчиларимиз томонидан бу тартибга риоя қилинмади. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Раис Алим Эрназаров, юқорида эсланган қонун лойиҳасига имзо (виза) қўймаган”, дея фикр билдирган Палата раиси Алим Эрназаров.
Аввалроқ, прокурор санкцияси билан адвокатларнинг телефон сўзлашувларини тинглашга рухсат берилиши бўйича Адлия вазирлиги ҳам тушунтириш берган эди.
Маълумот ўрнида, ушбу қонун лойиҳаси тўлиқ кучга киргани йўқ. Қонунчиликка мувофиқ, Сенат маъқуллаганидан сўнг, Президент томонидан имзоланганидан сўнг амалга киритилади.