Ўзбекистоннинг Британия билан молиявий ҳамкорлиги янги босқичга чиқади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми дастури доирасида Буюк Британиянинг Инвестициялар бўйича давлат вазири, лорд Жейсон Стоквуд бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда Буюк Британиянинг UK Export Finance, Standard Chartered UK, Sturgeon Capital, Endeavour Mining ва British Petroleum каби етакчи компаниялари, банклари ва молия институтлари раҳбарлари иштирок этган.

Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиққан.

Икки томонлама ҳамкорликнинг ижобий суръати таъкидланган. Товар айирбошлаш ҳажми ва Британия сармояси иштирокидаги корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда.

Тошкент халқаро молия маркази, Халқаро тижорат суди ва капитал бозорини ривожлантириш ҳамда фармацевтика, сунъий интеллект ва энергетика соҳаларида технологик шерикликни кенгайтириш бўйича таклифлар қўллаб-қувватланган.

Молия, инфратузилма, давлат-хусусий шериклик, “яшил” энергетика, транспорт, геология ва нефть-газ соҳаларида, шу жумладан, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов ва Бирлашган Араб Амирликлари Энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий ҳамда Хитой Халқ Республикаси Миллий энергетика бошқармаси раҳбари Ван Хунчжи бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Британия молиявий ҳамкорлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг