Ўзбекистонда судлар фаолиятига аралашганлик учун жазо кучайтирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартишлар билан суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари аниқлаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 13 июнь куни Олий Мажлис Сенатининг 16-ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунида сўз боради.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ таҳлилларга кўра ҳамон судлар фаолиятига ташқаридан аралашиш ҳолатлари кузатилмоқда. Янги Конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонун билан 2 та кодексга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартишлар билан суд ишларини ҳал этишга аралашганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда суд биносида тартибни бузиш ва судга ҳурматсизлик қилиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Мазкур қонун аввалроқ Сенат томонидан қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган айрим масалалар мавжудлиги сабабли Қонунчилик палатасига қайтарилган. Келишув комиссияси доирасида ушбу эътирозлар кўриб чиқилиб, қонун такомилига етказилган. Қонунда фақат энг долзарб масала – суд мустақиллигини таъминловчи моддалар қолдирилган.

Сенаторлар қонунни маъқуллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ cуд аппарати ходимлари орасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизмати ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Жиноят кодекси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг