АҚШ суди Трампнинг виза учун 100 минг долларлик тўловини ноқонуний деб топди
Олам
−
09 июн 1683 3 дақиқа
АҚШнинг Бостон шаҳридаги федерал судья Дональд Трамп томонидан жорий этилган янги H-1B визалари учун 100 минг долларлик тўловни бекор қилди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.
Суд қарорига кўра, бу тўлов Конгресс томонидан тасдиқланмаган ноқонуний солиқ ҳисобланади.
Массачусетс штати Бостон шаҳридаги федерал округ судьяси Лео Сорокин ушбу қарорни 20 нафар демократ штат бош прокурори томонидан киритилган даъво асосида чиқарган. Улар Трампнинг H-1B визасини олиш харажатларини кескин ошириб юборганини таъкидлаган. Мазкур виза дастуридан, айниқса, технология компаниялари малакали хорижий мутахассисларни ишга жалб қилиш учун кенг фойдаланади.
Трамп маъмурияти бу тўловни қонуний чора деб ҳисоблайди. Уларнинг таъкидлашича, иммиграция қонунлари президентга АҚШ манфаатларига зид деб топилган айрим хорижликларнинг мамлакатга киришини чеклаш ҳуқуқини беради. Шу сабабли маъмурият ушбу тўловни жорий этиш ваколати президентда бўлганини айтмоқда.
Бироқ судья Сорокин тўловнинг моҳияти жарима эмас, балки солиқ эканини қайд этган. Унинг фикрича, Президент Конгресс рухсатисиз бундай солиқ жорий эта олмайди ва шу сабабли АҚШ Давлат департаменти ҳамда Фуқаролик ва иммиграция хизматлари уни амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.
“100 минг долларлик тўловнинг мазмуни ва қўлланиш тартиби унинг қандай номланишидан қатъи назар, солиқ эканини кўрсатади”, деб ёзди судья Сорокин.
Сорокиннинг фикрича, ушбу қарордаги мантиққа кўра, Трамп иммиграция қонунчилиги асосида ҳам солиқ жорий этиш ваколатига эга эмас.
“Президент Трамп Америка манфаатларига мос келмайди деб ҳисоблаган ҳар қандай хорижий фуқаролар тоифасининг киришини чеклаш бўйича аниқ қонуний ваколатларга эга ва айнан шундай йўл тутган”, деди Оқ уй вакили Тейлор Роджерс.
Маълумот учун, H-1B дастури ҳар йили 65 мингта визани тақдим этади. Бундан ташқари, магистр ёки ундан юқори даражага эга мутахассислар учун яна 20 мингта қўшимча виза ажратилади. Визалар одатда уч йилдан олти йилгача бўлган муддатга берилади. Трамп қароридан олдин иш берувчилар хорижий ходим учун H-1B визасини расмийлаштиришда турли омилларга қараб тахминан 2 мингдан 5 минг долларгача тўлов амалга оширарди.
Мазкур 100 минг долларлик тўлов АҚШда талабалик визаси асосида бўлиб турган ва кейинчалик H-1B визасига ўтадиган хорижийларга татбиқ этилмаган. Одатда янги H-1B олувчиларнинг катта қисми айнан шу тоифага киради.
Шунингдек, Трамп маъмурияти H-1B визаси талабгорларини текширишни кучайтириб, юқори малакали ва юқори маош олувчи мутахассисларга устунлик берувчи янги тизимни таклиф қилган.
“100 минг долларлик тўловнинг бекор қилинишини юқори малакали мутахассисларни АҚШга жалб қилиш йўлидаги муҳим ғалаба”, деди Калифорния бош прокурори Роб Бонта.
Live
Барчаси